2025 йилнинг май–июнь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида "Тамаддун, маданият ва маърифат" мавзусида "Маърифат карвони" номли илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, "Маърифат" тарғиботчилар жамияти ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Республика Маънавият ва маърифат марказининг маълум қилишича, "Маърифат карвони" доирасида қуйидаги тадбирлар режалаштирилган:
— "Цивилизациялар – Шахслар – Кашфиётлар" ғояси асосида олимлар томонидан тайёрланаётган илмий-инновацион лойиҳалар тақдимотлари, амалий семинар ва тренинглар;
— "Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс" мавзусида конференциялар, форум ва анжуманлар;
— буюк аждодларимизнинг бой маданий меросини оммалаштириш мақсадида "Тирик тарих" лойиҳаси доирасида киноижодкорлар иштирокида миллий фильмлар намойиши;
— шунингдек, бошқа турли илмий, инновацион ва ижтимоий лойиҳалар ҳам ўтказилади.
"Маърифат карвони" — мамлакат зиёлилари учун ягона илмий-маърифий платформа бўлиб хизмат қилади", дейилади марказ хабарида.
Қўшимча маълумот учун 71 207-57-00 телефон рақамига қўнғироқ қилиш сўралган.
Умиджон Қурбонов, ЎзА