Сенатнинг еттинчи ялпи мажлиси биринчи иш куни якунланди.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошқариб борган мажлис видеоконференц алоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилди. Мажлис жараёнлари Сенатнинг YouTube тармоғидаги расмий саҳифаси орқали онлайн ёритиб борилди.
Сенат Раиси кириш сўзида Президентимиз бошчилигида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида муҳим ўзгариш ва янгиланишлар
кечаётганини қайд этди.
– Аҳоли учун энг яқин ижтимоий соҳалар, яъни таълим ва соғлиқни сақлаш масалаларига давлат раҳбари даражасида доимий эътибор қаратиб келинаётгани ижтимоий давлат тамойилини ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил бўлмоқда, – деди Т.Норбоева. – Мазкур соҳаларни бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш, долзарб муаммоларга тизимли асосда ечим топиш масалалари бўйича шу ойнинг ўзида Президентимиз ҳузурида алоҳида йиғилишлар ўтказилди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб муаммоларга эътибор қаратилиб, бу борада маҳаллалардаги бирламчи бўғинни ислоҳ қилиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Эндиликда аҳоли оилавий шифокорни эркин танлаши, бунда хусусий шифокорлар ҳам жалб этилиши, тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети тасдиқланиши ва унинг доирасида тиббий хизмат ва дори воситалари тўлиқ бюджетдан қопланиши –маҳаллаларда тиббий хизмат сифатини янги, замонавий босқичга олиб чиқиш билан аҳамиятли. Айниқса, болалар саратонига қарши курашиш чоралари кескин оширилиши, бу борада беш йиллик дастур ишлаб чиқилиб, 110 миллион доллар маблағ йўналтирилиши Президентнинг доимий эътиборида эканини амалда яна бир бор намоён этди.
Ногиронликни белгилашда шифокорлик-маслаҳат комиссияларининг тугатилиши соҳада коррупция омилларини бартараф этиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз. Аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган, халқимиз кутган бу каби чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилиши сенаторларнинг доимий эътибори ва назоратида бўлади.
Ялпи мажлис биринчи иш кунида солиқ, тадбиркорлик, маъмурий ва жиноят процессуал қонунчилик соҳаларидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонунлар маъқулланди.
Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини жорий этиш бўйича маъқулланган янги қонун эса қишлоқ хўжалиги ва ветеринария тизимини янада ривожлантиришга, эпизоотик хавфларни бартараф этишга хизмат қилади.
Ялпи мажлис эртага ўз ишини давом эттиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HZ2sor6ohvY" title="Senatyalpi majlisida nimalarga e’tibor qaratildi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Дониёр Ёқубов (видео), Анвар Аҳмедов (монтаж), ЎзА