Маълумки, мамлакатимизда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида бугунги кунда 210 та мактаб фаолият кўрсатади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга қабул жараёнлари июнь ойидан бошланади, имтиҳонлар эса июль ойида ўтказилади. Ижод, спорт, ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топшириш жараёнида баҳолар табелида аъло баҳоларнинг бўлиши талаб этилмайди.

Қандай ҳолларда Ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳонсиз кириш имтиёзи берилади?
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичи ёки унга тенглаштирилган босқичида тегишли (математика, информатика, физика, кимё, биология) фанларидан ғолиб ва совриндор (1-, 2-, 3-ўринлар) бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул квотаси доирасида кириш имтиҳонисиз қабул қилинади.
Президент мактабларининг кириш имтиҳонида иштирок этиш учун онлайн ҳужжат топшириш жараёнида ихтиёрий равишда ҳудуддаги (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ихтисослаштирилган мактаблардан бирини танлаган, Президент мактабларининг 5-синфига кириш имтиҳонларининг 2-босқичида иштирок этиб, ўқишга қабул қилинмаган 48 нафар ўқувчи баллар кетма-кетлигида ҳужжат топширган ихтисослаштирилган мактабнинг аниқ фанлар йўналиши учун белгиланган қабул квотасининг 50 фоизидан ошмаган ҳолда ўқишга қабул қилинади.
Спорт мактабларида ҳам имтиҳонсиз кириш имтиёзлари жорий этилганми?
Мутахассиснинг сўзларига кўра, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида гимнастика бўйича “Гимнастикага илк қадам” мусобақасининг республика босқичи ғолиблари (1 нафар ўғил бола, 1 нафар қиз бола) белгиланган қабул квотаси доирасида имтиҳонсиз (имтиёзли равишда) Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг 1-синфига қабул қилинади.
Шунингдек, бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон кубоги ҳамда республика турнирларининг ғолиб ва совриндорлари (1-, 2-, 3-ўрин соҳиблари) Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактабининг қабул квотаси доирасида кириш имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилинади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Оксана Чусовитина номидаги гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг 1-синфига бадиий гимнастика ва спорт гимнастика йўналишларига жами 24 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактабининг 5-синфига жами 24 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Ҳужжатлар қабули жорий йилнинг 1 июнидан 20 июнига қадар давом этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА