ХХР шарқидаги Шандунь музофотида жойлашган кимёвий заводда кучли портлаш содир бўлди. Натижада камида беш киши ҳалок бўлди, 19 киши жароҳатланди. Олти нафар ишчининг тақдири ҳали номаълум. Бу ҳақда “Euronews” ёзган.
Ҳодисага айнан нима сабаб бўлганига аниқлик киритилмаган. Вейфан шаҳридаги саноат ҳудудида барпо этилган, 500 дан зиёд ходим ишлайдиган ушбу корхона тиббий мақсадда фойдаланиладиган пестицид ва кимёвий моддалар ишлаб чиқаради.
Ҳолатни ўнглаш учун маҳаллий ёнғин хавфсизлиги хизматидан 230 киши воқеа жойига юборилган.
Хитой ҳукумати иш жойида хавфсизликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди, аммо айрим муаммолар барибир сақланиб қолмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2024 йил 21 800 бахтсиз ҳодисада 19 600 нафар инсон ҳалок бўлганини қайд этди.
2015 йил Тянцзинда жуда кўп миқдорда хавфли кимёвий модда сақланадиган омбор ёниб кетиши оқибатида 173 киши ҳаётдан кўз юмган. 2019 йил Хитойнинг шарқий қирғоғи бўйидаги Жиангсу музофоти Янченг шаҳридаги кимё заводида юз берган портлаш туфайли 78 киши қурбон бўлган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА