Европага гуруч, буғдой, маккажўхори, қаҳва, какао ва соянинг 50 фоизи иқлим ўзгаришига заиф ва мослашиш учун ресурсга эга бўлмаган мамлакатлардан кириб боради. Бугунги кунда, айниқса, умумий қиймати 50 миллиард долларга тенглашадиган шоколад саноати инқирози кучаймоқда.
Буюк Британиянинг “Foresight Transitions” консалтинг компанияси чоп этган янги тадқиқотга кўра, юқорида санаб ўтилган, Европа Иттифоқи импорт қиладиган асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлиги иқлим ўзгариши ва ишлаб чиқарувчи мамлакатларда биология хилма-хиллиги йўқолиб бориши туфайли жиддий хавф остида қолган.

Мазкур ҳисобот ЕИ савдо ҳамкорларининг экологик заифликка чуқурроқ ва хавотирли қарашини тақозо этади. Иқлимга йўналтирилган аввалги тадқиқотлардан фарқли ўлароқ, бу ҳужжатда қишлоқ хўжалиги тизими заифлиги таъкидланиб, глобал таъминот занжири барқарорлигига путур етказадиган атроф-муҳит таназзули ва табиат мувозанати бузилиши даражаси ҳам таҳлил қилинган.
Етакчи изланувчи Камилла Хислопнинг сўзларига кўра, аллақачон иқтисодий ва ижтимоий оқибати намоён бўлаётган икки томонлама таҳдид яқинлашмоқда. Иқлим ўзгариши ва биология хилма-хиллиги йўқолиши нафақат бевосита ишлаб чиқарувчи мамлакатларга, балки кўҳна қитъада истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори, нархи ва сифатига ҳам таъсир кўрсатади.
Мутахассислар олти номдаги маҳсулотни таҳлил қилган: уч асосий экин – гуруч, маккажўхори ва буғдой ҳамда уч хил тижорий муҳим хом ашё – какао, қаҳва ва соя. Барча маҳсулотлар экологик хавфи даражаси ташвишли экани қайд этилган.
Масалан, йилига 1,5 миллиард евролик, Европа таъминотининг учдан бирини ташкил этадиган гуручни етиштириш жараёни кучли ёмғир ёки узоқ давом этган қурғоқчилик каби тез-тез содир бўлаётган фавқулодда ҳодисалар туфайли қийинлашмоқда.
Бу мисоллар шунчаки фараз эмас: 2024 йил Буюк Британия ва Франциядаги сув тошқинлари буғдой ҳосилини камайтирди, Шарқий Европадаги иссиқ тўлқин маккажўхори майдонларига зарар етказди, Ғарбий Африкада узоқ давом этган ёмғир бутун-бутун какао плантацияларини вайрон қилиб, ловиянинг асосий экспортчилари – Кот-д’Ивуар, Гана, Камерун ва Нигерияга сезиларли зарар келтирди.
Маккажўхори мисолида, сўнгги ўн йил ичида Европанинг импортга қарамлиги сезиларли даражада ошди – ички қурғоқчилик туфайли маҳаллий ҳосилдорлик 10-20 фоиз қисқарди. Импортнинг эса 90 фоизи иқлим заифлиги ўртача ёки юқори давлатлардан, учдан икки қисми хавфсиз биология хилма-хиллиги даражасидан паст кўрсаткичга эга минтақаларга тўғри келади.
Ҳисобот муаллифлари Европа шоколад саноати ҳам кучли зарбага дуч келганини рақамлар ёрдамида асослаган. Ушбу маҳсулот айланмаси йилига 50 миллиард евродан ошади. ЕИга какаонинг 97 фоизи иқлим қулайлиги паст ёки ўртача бўлган Африка давлатларидан келади, 77 фоизи биология хилма-хиллиги йўқолиши даражаси муҳим чегарадан ошган ҳудудларда етиштирилади.
– ЕИ экология билан боғлиқ инқироз туфайли аллақачон какао учун қиммат тўламоқда, – дейди Хислоп. – Ўтган йил давомида импортнинг умумий қиймати 41 фоиз ошди. Бу тенденция ҳам иқлим ўзгариши туфайли шакар нархи кўтарилиши билан боғлиқ ҳолда ишлаб чиқарувчилар учун икки томонлама таҳдид туғдиради, Европа Иттифоқи учун эса кучайиб бораётган иқтисодий хатар ҳисобланади.
Тадқиқот етказиб берувчи мамлакатларнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини кучайтириш, кичик миқёсдаги маҳаллий фермерларни қўллаб-қувватлаш, порт, транспорт тармоғи каби иқлимга сезгир логистика инфратузилмасини яхшилаш ва экология хавфини ҳисобга оладиган савдо шартномалари тузишни таклиф қилади.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА