Парламент қуйи палатасининг мажлисида “Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига (Вена, 1963 йил 21 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Халқаро конвенция фуқаролик ядро объектларида содир бўлган ҳодисалар оқибатида етказилган зарар учун жавобгарлик режими, зарарни қоплаш тартиби, муддатлари ва тамойилларини белгилайдиган нормаларни ўз ичига олади. Конвенцияга қўшилиш натижасида мазкур нормалар мамлакатимиз учун ҳам татбиқ этилади. Ядровий жавобгарлик режими ядровий фалокат юз берган тақдирда Ўзбекистон халқига товон тўланишини таъминлайди.
— Вена конвенциясига қўшилиш зарарни қоплашнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқий механизмларини таъминлаб, жабрланувчиларни ҳимоя қилишни кучайтиради, ядровий қурилмалар операторининг аниқ мажбуриятларини белгилайди ва юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун ишончли молиявий кафолатларни яратади, — деди депутат Дилбар Мамажонова. — Бу эса, миллий ядро хавфсизлиги тизимига ишончни оширади, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва ядровий жавобгарлик соҳасидаги замонавий стандартларга риоя этилишини таъминлайди.
Конвенцияга қўшилиш бир қатор имкониятларни яратади. Жумладан, фуқаролик ядро объектларида содир бўлган ҳодисалар натижасида етказилган зарар учун жавобгарлик, ядровий қурилмалар операторининг аниқ мажбуриятларини белгилаш ва юзага келиши мумкин бўлган зарарни қоплаш учун ишончли молиявий кафолатларни яратади. Миллий ядро хавфсизлиги тизимига ишончни ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилиши таъминланади.
Мажлисда қайд этилганидек, мазкур Конвенцияни ратификация қилиш атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётган ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасининг бу борадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларининг халқаро даражада тан олинишига ва натижада етказилиши мумкин бўлган ядровий зарарларнинг ўрни қопланиши кафолатланишига хизмат қилади.
Муҳокама ва фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА