Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Янги Марказий Осиё интеграциясининг сиёсий-иқтисодий ва маданий-гуманитар жиҳатлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур конференциядан кўзланган мақсад минтақадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга оид илмий-назарий ёндашувлар ҳамда амалий таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.

Унда иштирокчилар томонидан Марказий Осиёда минтақавий интеграция жараёнлари, сиёсий-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатлар, давлатчилик ривожининг ижтимоий-тарихий асослари ҳамда ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмлари ва истиқболлари каби масалалар кўриб чиқилди.

Тадбир илмий, ижтимоий ва таълимий самарадорликка эга бўлиб, талабаларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини чуқурлаштириш, халқаро муносабатлар соҳасида илмий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
ZOOM платформаси орқали онлайн ва офлайн форматда ўтказилган конференцияда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Академик Бобожон Ғафуров номли Хўжанд давлат университети профессори Бўстон Турсунов, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти кенгаш раиси Икром Ҳошимжонов, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси профессори Анвар Йўлдошев, Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими Умрбек Юсупов, Мухтор Авезов номидаги Жанубий-Қозоғистон давлат университети доценти Ҳамидулла Тожиев, Тошкент Кимё-технология институти Ижтимоий-сиёсий фанлар кафедраси мудири Ойбек Сирожов ва бошқа кўплаб тадқиқотчи олимлар, эксперт-мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

Анжуман “Марказий Осиёда минтақавийлашувнинг замонавий тенденциялари: сиёсий-иқтисодий аспектлар”, “Марказий Осиёда интеграция жараёнларининг маданий-гуманитар масалалари”, “Марказий Осиёда замонавий давлатчилик ривожининг ижтимоий-тарихий омиллари”, “Марказий Осиё давлатларининг жаҳон интеграциялашуви: муаммо ва истиқболлар”, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик алоқалари” каби шўъба йиғилишлари билан давом этди.
Қизғин муҳокамалар, баҳсларга бой ўтган анжуманда Марказий Осиё минтақасининг стратегик аҳамияти, минтақа давлатларидаги сиёсий-ижтимоий ҳаётнинг ўзига хос мураккаб кўринишлари ҳақида маълумот берилди.
Бугунги глобаллашув, дунёнинг турли ҳудудларида содир бўлаётган низолар, талотўплар ҳар биримизни ҳушёрликка чорлаши тайин. Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва янгиланишлар, мамлакатнинг ташқи сиёсатида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Аҳамиятлиси, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб бердилар.
Конференцияда эксперт ва маърузачилар томонидан Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантираётгани эътироф этилди.
Анжуманга маҳаллий ва хорижий олимлар ва тадқиқотчиларнинг 100 га яқин мақоласи тақдим қилингани ҳам унинг аҳамияти ва нуфузини белгилаб беради.
Н.Усмонова,
ЎзА