“Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилаётган тадбирлар энергетика соҳасида назорат ишларини кучайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозорда тўғри рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилмоқда.
Бухоро ва Хоразм вилоятларида ўтказилган сўнгги текширувлар натижалари ушбу йўналишдаги ишлар янада муҳимлигини кўрсатди. Жумладан, Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Т. И.” МЧЖга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида ўтказилган ўрганиш жараёнида давлат қиёслов кўригидан ўтказиш муддатига амал қилинмасдан AI-80 ва AI-92 маркали автобензин истеъмолчиларга сотилаётгани аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича 74,3 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Шу каби Хоразм вилояти Урганч шаҳрида “Т. Й.” МЧЖга тегишли электр қурилмалари ҳисоблагичдан ташқари уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келингани фош этилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, электр таъминоти корхонасига 2 миллиард 207 миллион сўмлик зарар етказилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” бошқарма бошлиғи Фаррух Ҳалимов айтиб ўтганидек, бу каби назорат тадбирлари мунтазам давом эттирилиб, қонунбузилишларнинг олдини олиш борасида изчил чоралар кўрилади.
– Бундай текширувлар нафақат бензин ва ёқилғи маҳсулотлари сифати, балки хавфсизлик талабларига риоя этилиши, энергия ресурсларидан қонуний фойдаланиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун ҳам муҳим. Биз истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соҳада шаффофликни таъминлаш мақсадида назорат ишларини янада кучайтиришда давом этамиз, – деди Ф.Ҳалимов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА