Парламент қуйи палатасининг мажлисида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимига кафолат маблағларини киритиш институтини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилиб, Мажбурий ижро бюроси фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан бирга, бугунги кунда фойдасига суд қарори қабул қилинган шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳамда суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида суд қарорларини ижро этиш тизимига даъвони таъминлаш институтини жорий этиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга тегишли нормалар киритилмоқда. Унга кўра, мулкий характердаги суд ҳужжати бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини мажбурий ижро органи депозит ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиш йўли билан таъминлаш ўз аксини топмоқда. Яъни, ижро бўйича Мажбурий ижро бюросининг махсус ҳисобига кафолат маблағларини киритиш орқали мажбуриятларни бажариш белгиланмоқда. Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш тарафларнинг ҳуқуқи сифатида киритилмоқда. Ижро иши бўйича қарздор томонидан кафолат маблағлари киритилганда, ижро иши тўхтатиб турилиши белгиланмоқда.

Муҳокамаларда мазкур лойиҳа билан суд ижросига янги институт кириб келаётгани, соҳалардаги низоларни ҳал этиш, ижро ишини либераллаштиришда муҳим эканлиги таъкидланди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фойдасига суд қарори қабул қилинган шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳамда суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА