Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) Аксилкоррупция тармоғи Истанбул ҳаракатлар режаси доирасидаги 5-раунд Базавий ҳисоботи ва Ўзбекистонда коррупцияга қарши ислоҳотларни янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ИҲТТ ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳамда ИҲТТ Коррупцияга қарши курашиш бўлими раҳбари Юлия Фромгольц (онлайн), Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов, Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов ва бошқалар қатнашди.

– ИҲТТ томонидан тақдим этилган Истанбул ҳаракатлар режаси Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ислоҳотларини амалга оширишда муҳим йўналиш сифатида хизмат қилмоқда, – деди Акмал Бурхонов. – У фақат қўлга киритилган ютуқларни баҳолабгина қолмасдан, балки эътибор берилиши лозим бўлган устувор соҳаларни аниқлаб бермоқда. Хусусан, 5-раунд Базавий ҳисоботида Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашиш сиёсати, институционал қурилиш ва ҳуқуқий тартибга солиш соҳаларидаги илғор натижалар тан олинди. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ҳамда мамлакат парламенти ва ижро ҳокимияти идораларининг саъй-ҳаракатлари самараси, халқаро ҳамкорлигимизнинг амалий натижасидир. Биз учун муҳим мақсад фақат ҳисоботни муҳокама қилиш ёки “Йўл харитаси”ни расман тасдиқлаш эмас, амалиётга йўналтирилган, аниқ ва самарали фикр-мулоҳазаларни олишдир. Зеро, бу ҳужжатлар фақат баҳолаш натижаси бўлиб қолмай, кундалик фаолиятимизда аниқ йўналтирувчи ҳужжатга айланади.
Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, Истанбул Ҳаракатлар режаси Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари учун ИҲТТ Аксилкоррупция тармоғининг минтақавий дастури бўлиб, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Мўғулистон, Тожикистон, Украина ҳамда Ўзбекистон давлатларини қамраб олади. Унинг доирасида аъзо давлатлар томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларнинг миллий амалиётга жорий этилиши ҳолати таҳлил қилиб борилади.
Таъкидланганидек, ИҲТТ томонидан тақдим этилган Истанбул ҳаракатлар режаси бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши курашиш ислоҳотларини амалга оширишда муҳим йўналиш сифатида хизмат қилмоқда. У фақат эришилган ютуқларни баҳолабгина қолмасдан, балки эътибор берилиши лозим бўлган устувор соҳаларни аниқлаб бермоқда.
Хусусан, 2024 йил Ўзбекистонда амалга оширилган 5-босқич мониторинги ва баҳолаш тизими тўққизта самарадорлик соҳаси, яъни коррупцияга қарши сиёсат, манфаатлар тўқнашуви ва мол-мулк декларацияси, хабар берувчини ҳимоя қилиш, бизнеснинг яхлитлиги, давлат харидларида ҳалоллик, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, прокуратуранинг мустақиллиги, коррупцияга қарши кураш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар, коррупция жиноятлари учун таъқиб қилишни ўз ичига олди.
Якунда Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати Марказий Осиё давлатлари ичида энг юқори баҳоланиб, ИҲТТ вакиллари томонидан мамлакатимиздаги сўнгги ислоҳотлар ижобий тенденцияси эътироф этилди. Шу жумладан, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш сиёсати ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ошгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, давлат харидлари ва бизнесда ҳалоллик йўналишларида Ўзбекистон кўрсаткичлари яхшиланган.
Тадбирда мониторинг натижалари бўйича юқорида қайд этилган ҳар бир йўналиш асосида ИҲТТ томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар эътибор марказида бўлди. Ҳар бир йўналиш бўйича амалиётга йўналтирилган, аниқ ва самарали тавсиялар, уларни амалга ошириш чоралари муҳокама қилинди. Айни жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳам ўз фикр ва мулоҳазалари билан фаол иштирок этди.
Муҳокамаларда ҳисобот натижалари ва ишлаб чиқилган тавсиялар асосида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашувчи идораларнинг мустақиллиги ва самарадорлиги, судья ва прокурорларни тайинлаш ва ҳисобдорлик жараёнларининг шаффофлигини ошириш, хабар берувчиларнинг ҳимояси механизмларини, шунингдек, мол-мулк ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тизимини такомиллаштириш, давлат харидлари ва хусусий секторда ҳалолликни ошириш, коррупциявий жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш каби йўналишларга эътиборни янада кучайтириш лозимлигига урғу берилди.
Тадбир доирасида ИҲТТ томонидан тақдим этилган тавсиялар асосида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” кенг муҳокама қилиниб, уни амалга ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА