Пойтахтимизда жойлашган “Алпомиш” муз саройида дзюдо бўйича Учқун Муродов хотирасига бағишлаб ўтказилган “Tashkent Cadet and Junior Asian Cup – 2025” турнирида дунёнинг ўндан ортиқ давлатидан келган жами 835 нафар дзюдочи икки ёш тоифасида рақобатлашди.
Мазкур мусобақаларнинг кадетлар тоифасида 10 тадан олтин ва кумуш, 18 та бронза, жами 38 та медаль қўлга киритилган бўлса, ёшларимиз 9 тадан олтин ва кумуш, 14 та бронза медалига эга чиқди. Шу тариқа, Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари жами 70 та медалга сазовор бўлди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, тўрт кун мобайнида ўтказилган “Tashkent Cadet and Junior Asian Cup – 2025” Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) ҳамда Осиё дзюдо иттифоқи (JUA) мутасаддилари томонидан юқори баҳоланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА