Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 11-турини "Машъал" ва "Бунёдкор" учрашуви якунлаб берди.
Ушбу ўйинда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Натижада “Бунёдкор” 17 очко билан 7-ўринга чиқиб олган бўлса, “Машъал” 12 очко билан 11-поғонага жойлашди.

Кутилмаган натижаларга бой ўтган мазкур турнинг марказий учрашувида “Насаф" ўз майдонида ОКМК клубини 2:1 ҳисобида таслим қилди ва очколарини 25 тага етказиб олган ҳолда Суперлига пешқадамига айланди. ОКМК эса 23 очко билан иккинчи ўринга тушиб қолди.
Самарқанднинг "Динамо" клуби ўз майдонида "Қизилқум" клубини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, 22 очко тўплади ва жадвалнинг учинчи поғонасига кўтарилиб олган бўлса, "Навбаҳор" 3:0 ҳисобида "Қўқон-1912" жамоаси устидан зафар қучди ҳамда 20 очко тўплаб, лиганинг 4-ўрнига жойлашди. Шунингдек, "Қўқон-1912" 12 очко билан 10, "Қизилқум" эса 11 очко билан 12-ўринни банд этди.

"Нефтчи" ўз майдонида "Шўртан" дарвозасига тўртта жавобсиз гол урди. Фарғона шаҳри жамоаси мазкур йирик ҳисобдаги ғалабадан сўнг, 19 очкога эга чиққан ҳолда Суперлиганинг кучли бешинчи клубига айланди. Ғузорликлар 5 очко билан сўнгги ўринда қолди.
Пойтахтимиздаги “Жар” стадионида ўтказилган "Пахтакор" – "Хоразм" жамоалари баҳси 2:1 ҳисобида ўз якунига етди. Шу тариқа “шерлар” лигадаги 18-очкосига эга чиқди ва 6-ўринга кўтарилиб олди. “Хоразм” 11 очко билан миллий чемпионатимизнинг 13-жамоасига айланди.

“Бобур-арена”да ўтказилган "Андижон" ҳамда "Сурхон" клублари ўртасидаги ўйин 2:1 ҳисобида якунланди. Натижада "Андижон" очколари сонини 12 тага етказиб олди, "Сурхон" эса 13 очко билан қолди. Ушбу жамоалар ҳозирда чемпионатнинг 9-8-ўрнида бораётир.
Мусобақанинг икки аутсайдер жамоаси “Сўғдиёна” – “Бухоро” учрашуви 1:1 ҳисобидаги дуранг билан ўз ниҳоясига етди. Учрашувдан сўнг “Сўғдиёна” 9, “Бухоро” 8 очкога эга чиқиб 14-15-ўринларда бормоқда.
Дарвоқе, “Пахтакор” клуби аъзоси Игорь Сергеев бу турда урган голи эвазига Суперлигада "Пахтакор" сафидаги голларини 110 тага етказиб олди ва жамоада энг кўп гол урган футболчига айланди. Шунингдек, айни дамда Игорь Суперлигада 11 та ўйинда 9 та гол уриб, тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда.
Энди Суперлигада қисқа муддатли танаффус бўлади ва 12-тур ўйинлари 13-15 июнь кунлари ташкил этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА