Таиланднинг Бангкок шаҳрида бокс бўйича "Tailand Open" халқаро турнири ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар боксчиси ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Мусобақанинг 1/4 финалида вазни -60 кг. бўлган Мадияр Данияров филиппинлик Жон Наполесни мағлуб этган бўлса, -90 кг. вазн тоифасидаги чарм қўлқоп устамиз Элёрбек Жўрабоев Жанубий Корея вакили Жунг Ханеулни йирик ҳисобда таслим этди. -70 кг. вазнда жанг қилаётган Муҳаммадазизбек Исмоилов япониялик Сомея Шоини 5:0 ҳисобида енгди.


Қизлар ўртасидаги беллашувларда 65 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Навбаҳор Ҳамидова ярим финал йўлланмаси учун Канг Сукёнг (Жанубий Корея) билан рақобатлашиб, зафар қучди. Афсуски, Ситора Турдибекова ўз вазнида хитойлик Ченгю Янгга имкониятни бой бериб қўйди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА