Мўйноқ туманида уч кун давом этган “Rally Muynak – 2025” авторалли бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ва хориждан келган спортчилар икки тоифадаги автомобилларда – двигател ҳажми 1600 см3гача “А-8” ва двигател ҳажми 2000 см3гача “А-9” синфлари бўйича беллашдилар. Шунингдек, двигател ҳажми 2000 см3гача “Багги” ва двигател ҳажми 125 см3гача ва 500 см3гача мотоцикллар бўйича мусобақалар ҳам ташкил этилди. Автомотоспорт мусобақаларида 120 нафардан ортиқ автомотоспорт устаси, шундан 40 тадан ортиқ автомобиль, 25 тадан зиёд мотоцикл ва 15 тадан ортиқ “Багги” иштирок этди.
Мусобақалар якунида двигатель ҳажми 1600 см3гача “А-8” синфи бўйича биринчи ўринни Наманган вилоятидан Темур Нарзиқулов, Азиз Туропов, иккинчи ўринни Самарқанд вилоятидан Фикрат Ахтамов, Фируз Жумаев, учинчи ўринни ушбу вилоятдан Илҳом Обиджанов, Владимир Минин қўлга киритди. Двигатель ҳажми 2000 см3гача “А-9” синфи бўйича Бухоро вилоятидан Рашид Муродов ва Қилич Нарзиқулов биринчи, Қашқадарё вилоятидан Умид Тошпулатов ва Жасур Темиров икккинчи, Тошкент шаҳридан Рустам Муҳамедов ва Элёр Раҳмонов учинчи ўринларга сазовор бўлди. “Багги” бўйича Жиззах вилоятидан Хуршид Ғониев, Сирдарё вилоятидан Равшан Қобилов, Андижон вилоятидан Илҳом Аҳмедов совринли ўринларни эгаллади. Шунингдек двигател ҳажми 125 см3гача бўлган мотоцикллар бўйича Навоий вилоятидан Багдан Цатурян, Бухоро вилоятидан Бекзод Халимбоев, Қорақалпоғистон Республикасидан Бегарис Айтбаев, двигател ҳажми 500 см3гача мотоцикллар бўйича Бухоро вилоятидан Жасурбек Саматов, ушбу вилоятдан Бахтиёр Аҳмедов ҳамда Навоий вилоятидан Адҳам Темировлар совринли ўринга эга бўлди.
[gallery-23586]
“Rally Muynak – 2025” автомото спорти мусобақалари ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти совринлари билан тақдирланди. Шунингдек, ғолиблар, мураббийлар ва ҳакамларга Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши, Туризм қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА