Исломий фарзларнинг бири Ҳаж зиёратидир. Неча асрларки, дунё мусулмонларининг энг эзгу орзуси ана шу фарзни адо этишдир.
Айни кунларда бутун дунё мусулмонларининг эътибори Саудия Арабистонининг икки муқаддас шаҳри – Маккаи Мукаррама ва Мадина Мунавварага қаратилган. Саудия Арабистони расмий идораларининг хабар беришича, бугунгача дунёнинг деярли барча мамлакатларидан 2 миллионга яқин зиёратчи Ҳаж амалларини бажаришга келишган. Улар қаторида ўзбекистонлик зиёратчилар ҳам бор. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг журналисти Нозимжон Мўминов бошчилигидаги ижодий гуруҳ ҳам ҳожиларимиз Ҳаж амалларини қандай бажариша ҳақида фильм яратиш учун Саудияда бўлиб туришибди. Биз Нозимжон Мўминов билан тўғридан-тўғри алоқадамиз.

– Ассалому алайкум, Нозимжон!
– Ассалому алайкум! Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига менинг “Ҳаж-2025” мавсуми ҳақидаги фикрларимга қизиққанингиз учун миннатдорлик билдираман.
– Нозимжон, сиз ҳозир қаерда турибсиз?
– Мен айни пайтда Макка шаҳридаги энг баланд бинолардан бири бўлган ўша машҳур соатли минора яқинида турибман. У бевосита масжидул-ҳарамнинг кириш жойининг рўпарасида жойлашган. “Ҳаж-2025” мавсуми яқинлашгани сайин бу ерда дунёнинг турли ердан келган миллионлаб зиёратчиларини учратиш мумкин.

Бу йил Ўзбекистондан 15 000 нафардан ортиқ зиёратчи Ҳаж зиёратини амалга ошириши кўзда тутилган. Уларнинг биринчи гуруҳи жорий йил 13 май эрта тонгдан Мадина шаҳрига парвоз қилган бўлса, охирги гуруҳи 28 майда Мадинаи мунавварага келиб тушади.
Улар Мадина шаҳрида 3-4 кун мобайнида зиёрат ва ибодат билан банд бўлишяпти. Хусусан, Мадинада пайғамбаримиз Муҳаммад аллайҳиссаломнинг масжидлари, ислом дини тарихида ўзига хос ўринга эга бўлган манзиллар – Уҳуд тоғи, Қубо масжиди каби тарихий жойларни зиёрат қилмоқдалар. Шундан сўнг улар босқичма-босқич Макка шаҳрига олиб келинмоқда. Бу ерда дастлаб Умра амалларини бажаришмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш масаласига алоҳида эътибор қаратишни хоҳлардим. Бўлғуси ҳожиларимизни кутиб олиш маросимлари Мадинада ҳам, Маккада ҳам юқори даражада бўлиб ўтяпти. Юртдошларимиз меҳмонхонада зам-зам суви, ширинликлар, қаҳва ва бошқа туҳфалар билан сийланишмоқда. Ва, албатта, бу Саудия Арабистонининг Ўзбекистонга, унинг зиёратчиларига алоҳида ҳурмат ва эътибор билан қараётганидан далолат.

– Ўзбекистонлик зиёратчилар Ҳаж амалларини бажаришлари учун қандай шарт-шароитлар яратилган?
–Бу йилги Ҳаж мавсумида ўзбекистонликлар учун Мадинада 1 та, Макка шаҳрида 8 та меҳмонхона хизмат кўрсатади. Уларда ҳамма шароитларнинг бекаму кўст бўлиши учун катта тайёргарлик кўрилган. Мадина шаҳрида “Пуллман зам-зам” меҳмонхонаси 5 юлдузли меҳмонхона ҳисобланади. Ҳар қадамда ишчи гуруҳнинг анча аввалдан тайёрлангани сезилиб туради. Зиёратчиларимиз учун ажратилган хоналардаги шароитлар, овқатланиш, тиббий хизмат, зиёратларни уюштириш учун транспорт хизматлари, айниқса, ҳамюртларимизни мамнун қиляпти.

Ишчи гуруҳ таркибида 50 нафар олий тоифали врачлардан иборат шифокорлар бригадаси фаолият кўрсатмоқда. Улар зарурат бўлганда тезкор равишда тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланган.
10 дан ортиқ ошпазлар келишган бўлиб, улар зиёратчиларимизга мазали таомлар тайёрлашмоқда. Хусусан, кечагина ишчи гуруҳ билан овқатлар тайёрланадиган жойда бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши, тайёрланиш шароитлари билан танишдик. Ҳаммаси талаблар даражасида. Бу ерда зиёратчиларимиз учун Саудия Арабистони иқлимига мос, айни вақтда саломатлик учун фойдали ва тўйимли озиқ-овқатлардан иборат таомнома тузиб чиқилган. Ва, айниқса, зиёратчиларимизни бу ерга мослашишлари учун сут, қатиқ, мева-сабзавотлар ҳам таомномада алоҳида ўринга эга бўляпти.

Бўлажак ҳожиларимизнинг муқаддас макон – Каъбага бориб-келишлари учун меҳмонхонадан кечаю кундуз автобуслар ҳаракати йўлга қўйилган ва сутканинг истаган вақтида масжидул ҳарамга бориш ва меҳмонхонага қайтиб келиш имконияти яратилган.
Сафарга чиққан ҳожиларимиз фарзандлари, яқин қариндошлари билан алоқада бўлиб туриши керак. Шуларни инобатга олган ҳолда миллий алоқа оператори томонидан бу йил зиёратчиларимиз Саудия Арабистони билан алоқа боғлаш, интернет алоқасидан фойдаланиш учун имтиёзли таърифлар жорий қилинди.
– Саудия ҳукумати бу йилдан эътиборан мамлакатга ноқонуний равишда Ҳаж қилгани келганларни чиқариб юбормоқда. Уларни қонуний зиёратчилардан ажратиб олишда муаммолар рўй бермаяптими, ўзбекистонлик зиёратчиларни безовта қилишмаяптими?

–Ҳозирда Саудия Арабистонида ноқонуний зиёратчилар оқимининг олдини олиш учун назорат чоралари кучайтирилган. Лекин тегишли ҳаж визаси ва бейджикка эга бўлганлар учун ҳеч қандай муаммо йўқ. Айниқса, зиёратчиларимиз ҳам ўзаро суҳбатларда битта нарсани таъкидлашмоқдаки, зиёратчиларимиз кийган Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган, Ўзбекистон номи ёзилган нимчаларга кўзи тушганда, нафақат бошқа мамлакатлардан келган зиёратчилар, балки тартиб посбонларининг ҳам юзларига илиқлик югуриб, бизнинг зиёратчиларимизга йўл бериш, уларни олдинга ўтказиб юбориш ҳаракатида бўлишмоқда. Бу мамлакатимизга бўлган ҳурматнинг далолати. Агар авваллари Ўзбекистон деганда кўпроқ Имом Бухорий номини тилга олишган бўлса, эндиликда Ўзбекистон, ўзбек деган каломлар кўп тилга олиняпти. Демакки, бу тарихимиз билан фахрланиш, балки бугунги кунимиз– янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрнига эга бўлиб улгурганидан дарак бермоқда. Бу ҳолат зиёратчиларимизни фахрлантирмоқда ва улар давлатимизга, унинг раҳбариятига қайта-қайта миннатдорлик билдирмоқда.
– Олдинда ҳали Ҳаж арконларини бажаришдек оғир вазифалар турибди. Унга тайёргарлик ишлари қандай олиб борилмоқда?
– Тўғри айтасиз, олдинда янада мураккаб синов – Ҳаж амалларини бажариш турибди. Ишчи гуруҳи ушбу амаллар бажариладиган ҳудудларда ҳам тайёргарликни бошлаб юборган. Зиёратчиларга Арофат тоғи, Муздалифа майдони, Жамарадда амалга ошириладиган вазифалар юзасидан қўшимча маълумотлар берилмоқда. Юртдошларимиз ушбу зиёратларни ҳам бекаму кўст адо этишларига ишонамиз.
– Биз учун вақт ажратиб маълумот берганингиз учун катта раҳмат. Ҳали сиз билан ҳаж амалларини бажариш майдонларида ҳам боғланимиз деган умиддамиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JsFRNcge3mk" title="O`zbekistonlik ziyoratchilar Haj arkonlarini bajarishga hozirlik ko`rishyapti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов (видео,сурат),
ЎзА