Шу кунларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг стол тенниси бўйича мураббий-устозлари, спортчи-талабалари Хитойнинг Сиъан жисмоний тарбия университетида чин юрти вакиллари билан ҳамкорликдаги ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этмоқда.
Куни кеча мазкур ҳамкорлик алоқалари доирасида икки олий таълим муассасаси ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Меморандум имзоланди. Унга кўра, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, илмий тадқиқотлар, семинар ва мусобақалар ҳамда қўшма дастурларни амалга ошириш каби масалаларда келишувларга эришилди.

Маросим давомида Сиъан жисмоний тарбия университети ректори Ли Фу Шенг Хитой – Ўзбекистон ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистонлик спортчиларининг кейинги йилларда халқаро спорт майдонларида эришаётган натижаларини эътироф этди.

Қайд этилганидек, стол тенниси бўйича ташкил этилаётган назарий ва амалий машғулотлар келгуси муваффақиятларга замин яратади.
Учрашувда Сиъан жисмоний тарбия университети томонидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов "Фахрий профессор" унвони билан тақдирланди.

Стол тенниси бўйича ўтказилаётган халқаро ўқув-машғулот жараёнида Хитой ва Ўзбекистон стол теннисчилари ўртасида турнир ташкил этилиши режалаштирилган.
Т.Рўзиев, ЎзА