Юртимиздаги барча таълим муассасаларида бўлгани каби Кармана туманидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 25-сонли мактаб-интернатида ҳам “Илм – энг буюк шараф!” шиори остида сўнгги қўнғироқ тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Ражабов иштирок этиб, Юртбошимизнинг битирувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
[gallery-23561]
Бу йил Навоий вилоятидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун махсус мактаб интернатларини жами 46 нафар битирувчи тамомламоқда. Уларнинг 8 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишни, 23 нафари профессионал таълимда ўқишни давом эттиришини билдирган бўлса, 7 нафарини эса хусусий тадбиркорлар томонидан таклиф этилган иш ўринларига жойлаштириш режалаштирилган.
Таъкидлаш ўринлики, давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган имконият ва шароитлар боис “Нурли маскан” мактаб интернатининг 4 нафар битирувчиси инглиз тилидан миллий сертификат олган.
Тадбирда мактаб интернати ўқувчилари томонидан жонажон мактаб, қадрдон устозлар ва синфдош дўстлар мадҳига бағишланган шеър-қўшиқлар ҳамда рақслар ижро этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари