Андижон вилоятидаги 765 та умумтаълим мактаби ҳамда давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида “Илм – энг буюк шараф” шиори остида сўнгги қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтди.
Педагоглар, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирларда мамлакатимизда умумтаълим мактабларида таълим-тарбия жараёнини бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш, ўқувчи ёшларга пухта билим бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, бунинг самараси ўлароқ, таълим сифати ва самарадорлиги, эришилаётган ютуқлар кўлами йилдан-йилга ортиб бораётгани қайд этилди.
Жорий ўқув йилида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларида 500 минг нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олди, уларга 45 минг нафардан ортиқ педагог таълим-тарбия берди. Мактабларда келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг пухта билим олиши учун зарур барча шароитлар яратилган.
Бу йил вилоятдаги умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларни 37 минг 900 нафар ёш тамомламоқда. Улардан 3 минг нафарга яқини миллий ва халқаро сертификат соҳиби бўлиб, муддатидан аввал олий ўқув юрти талабаси бўлиш имконини қўлга киритган.
Бугун вилоятдаги барча умумтаълим муассасаларида сўнгги қўнғироқ тадбирлари юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
Андижон шаҳридаги 11-умумтаълим мактабида ўтказилган сўнгги қўнғироқ тадбири Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси ижроси билан бошланди. Президентимизнинг битирувчиларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
[gallery-23554]
Шундан сўнг битирувчиларни Андижон шаҳар ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари, мактаб директори Ольга Чен, ота-оналар вакиллари муборакбод этди.
– Жорий ўқув йилида мактабимизда 2 минг 548 нафар ўқувчи таҳсил олди, - дейди мактаб директори Ольга Чен. – Бу йил 135 нафар ўқувчимиз мактабни муваффақиятли тамомламоқда.
Бир дунё орзулар билан катта ҳаётга қадам қўяётган ўқувчиларимизнинг аксарияти олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш ниятида. Яна бир гуруҳи ўзи танлаган йўналишда тадбиркорлик қилиш, ўрганган касби бўйича ишлашни ният қилган. Ишонаманки, уларнинг барчаси юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб камол топади.
Жорий ўқув йилида мактабнинг ўнга яқин ўқувчиси, шаҳар, вилоят фан олимпиадасида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди, 16 нафар ўқувчи эса хорижий тиллар ва фанларни билиш даражаси бўйича миллий ва халқаро сертификатни қўлга киритди.
Тадбирда битирувчиларни устозлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар муборакбод этди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаётган бир гуруҳ фаол ўқувчилар, шунингдек, битирувчиларнинг ота-оналари мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Битирувчилар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, ўқувчиларнинг она юрт, мактаб, устозлар ва ёшлик ҳақида ўқиган шеърлари даврага ўзгача шукуҳ бағишлади.
– Мен мактабни аъло баҳоларга тамомлаш билан бирга, инглиз тили бўйича халқаро, ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича миллий сертификатни қўлга киритдим, араб тилини ўргандим, - дейди 11- синф битирувчиси Латофатхон Тожиматова. – Бу албатта, келгусида олий ўқув юртига кириб ўқишим учун кенг имконият беради.
Катта ҳаётга қадам қўяётган биз ёшлар келгусида ўзимиз танлаган соҳанинг малакали мутахассиси бўлишга, устозларимиз, ота-онамизнинг ишончини оқлашга, юртимиз равнақига хизмат қиладиган инсонлар бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Бу каби сўнгги қўнғироқ тадбирлари вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.