Бугун эрта тонгдан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятидаги 877 та умумтаълим мактабида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” садолари янгради. 2024-2025 ўқув йили якунланди.
Шу муносабат билан умумтаълим мактабларида “Илм – энг буюк шараф” шиори асосида байрам тантаналари ўтказилди. Унда туман ва шаҳарлар ҳокимлари, секторлар, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Жумладан, Нурафшон шаҳрида жойлашган Ватанпарвар боғида Тошкент вилоят ҳокими Зоир Мирзаев фаоллар, нуронийлар билан бирга, 32-сонли умумий ўрта таълим мактаби битирувчиларининг “Сўнгги қўнғироқ” тантаналарида иштирок этди. Дастлаб, ҳоким Президентимизнинг ёшларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ва битирувчиларга оқ йўл тилади.
Шундан сўнг битирувчилар билан мулоқот ташкил этилди. Ёшларнинг қизиқишлари, бўлим олиш ва касб ўрганиш йўлидаги интилишлари ҳақида сўз юритилди. Муҳими, давлатимиз томонидан яратилган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда жамиятга керакли инсон бўлиб етишиш лозимлиги яна бир бор таъкидланди.
[gallery-23553]
Тадбирда сўзга чиққанлар ўқитувчи ва ўқувчиларни байрам билан табриклади, уларнинг келгусидаги иш ва ўқишларига омад тилади.
Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятидаги мактабларнинг 11-синфини жами 35 минг 774 нафар ўқувчи, хусусан, 868 та умумтаълим мактабни 34 минг 342 нафар, Президент мактабини 23 нафар, 13 та ихтисослашган таълим муассасаларини 524 нафар, 21 та хусусий мактабларни 885 нафар ўқувчи битирди. Айниқса, ўқув йили якуни бўйича 11-синф битирувчилари томонидан 889 та олтин, 223 та кумуш медаллар билан якунлаётгани байрам шукуҳини янада оширади.
– Айтиш жоиз, жорий йилда, ўқувчиларимизнинг муваффақиятлари юқори бўлди, – дейди Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Юлдошов. – Жумладан, бир неча юз нафар иқтидорли ёшлар муддатидан олдин талаба бўлиш шарафини қўлга киритди. 75 нафари бир қатор ОТМ грантларини олди. Мингдан ошиқ ўқувчилар дунё стандартларига жавоб бера оладиган танловларда иштирок этиб, турли сертификатларга эга бўлди. Бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётида миллий юксалиш даври бошланмоқда. Айниқса, таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётгани эътирофга лойиқ. Биргина ўтган йилининг ўзида вилоятимизда 70 дан ошиқ мактабларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ундан ташқари умумтаълим мактабларига замонавий компьютерлар, комплект робототехника жиҳозлари ва бошқа зарур ашёлар етказиб берилди.
“Баркамол авлод” болалар мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Вилоят ёшлари ўртасида китобхонликни кучайтириш, уларни адабиёт, санъат ва спорт тўгаракларига фаол жалб этиш бўйича изчил иш олиб борилди ва бу ишлар изчил давом этмоқда.
Умуман олганда, жойларда ташкил этилган байрам тадбирларида ҳам хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида вилоят Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда зарурий чоралар кўрилди. “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида давлатимиз раҳбарининг битирувчиларга йўллаган табригини етказиш ва битирувчиларни қутлаш учун барча масъуллар жалб этилди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА.