Ватанимиз тарихидаги 24 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1392 йил (бундан 633 йил олдин) – Амир Темур ўзининг “беш йиллик юриш”ини бошлади. Бу воқеа тарихчи олим Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида қуйидагича қайд этилади: “Амир Соҳибқирон бахтли толеъ билан Тўқтамишхон муҳорабасидан қайтиб келгач, унинг кескин раъйи илгари тасхир қилгани Эрон мамлакатларидан яна бир ўтишни ва мамлакат юзини мухолифлардан тозалашни тақозо этди. Шунга биноан туркларнинг маймун йилига тўғри келадиган етти юз тўқсон тўртинчи йил ражаб ойининг бошида (1392 йил 24 май) жумъа куни сафарни ихтиёр қилиб, ҳумоюн байроқлар ҳаракатга келди...”
1411 йил (бундан 614 йил олдин) – тарихчи олим Турғун Файзиевнинг қайд этишича, темурийлар ҳукмдори Шохруҳ Мирзо Бодхез мавзесида дам олаётган чоғда, ўн уч ёшли набира жияни Умаршайх Мирзо хоқоннинг ҳузурига нажот истаб келди. Шоҳруҳ Мирзо шаҳзодага шафқат ва мурувват кўрсатиб, ўз саройида олиб қолди. Шаҳзода умрининг охиригача Ҳиротда – Шоҳруҳ Мирзо мулозаматида ҳаёт кечирди.
1719 йил (бундан 306 йил олдин) – Бухоро хонлигида шаклланган одатга мувофиқ ражаб ойининг жума куни пойтахтнинг жомеъ масжидида халойиқ йиғилиб, намоз ўқилди ҳамда тўла хатми Қуръон қилинди. Халқ байрамига айланган ва одамлар бир-бирларини табриклаб, бир-бирлариникига меҳмондорчиликка борадиган бу кунни тарихчи ва мунажжим Абдураҳмон Толе ўзининг “Тарихи Абулфайзхон” асарида қуйидагича қайд этади:
“Бир минг бир юз ўттиз биринчи йили улуғ ражаб ойининг тўртинчисида жума (милодий 1719 йил 24 май) куни гўзал Бухорода шон-шавкатли подшоҳларнинг шундай удуми бор эди: ражаб ойининг жума кунида зодагон ва оддий халқ, подшоҳ ва қул, [яъни] пойтахтнинг жомеъ масжидида халойиқ йиғилиб жума намозини адо этардилар. Бу кунни халқ байрам деб билади, ҳамма бир-бирини байрам билан табриклайди. Шавкатли подшоҳ улуғ амирлар, тўла ҳашаматда жомеъ масжидга келади. Бу одат Абдулазизхоннинг Арабистондаги иккала муқаддас шаҳар [Макка ва Мадина]га ҳажга бориб келганининг дастлабки йилларида пайдо бўлганди...”
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бухоронинг нуфузли хонадони – Жўйбор хўжаларига мансуб Адбураҳим Хожа Жўйборийнинг невараси бўлган Абдулазизхоннинг вафоти ҳам отаси ва амакиси сингари ҳаж сафари билан бўғлиқ бўлиб, 1681 йил укаси Субҳонқулихон фойдасига тахтдан воз кечгандан сўнг, Макка ва Мадина шаҳарларига йўл олади. Уч мингдан ортиқ ҳожи йиғилгандан сўнг, Арабистонга Эрон орқали боришга қарор қилади. Абдулазизхон Эрон ҳукмдорлари томонидан яхши кутиб олинади. Хусусан, Шоҳ Сулаймон уни эҳтиром билан кутиб олиб, Исфаҳондаги Чиҳлстун саройида меҳмон қилади. Шундан сўнг Абдулазизхон Ҳамадон ва Бағдод атрофидан ўтиб, Ироқ чўлига етади. Бу ерда қароқчилар билан тўқнашиб, уларни мағлубиятга учратади ва соғ-саломат Арабистонга етиб боради. Ҳаж ибодатини адо этиб, 1682 йил Мадинада 70 ёшида вафот этган ва амаки бобоси (отаси Надр Муҳаммаднинг акаси) Имомқулихон мақбараси ёнида, Бақия қабристонига дафн этилган. Субҳонқулихон акасининг ўлимидан қайғуриб, унга бағишлаб “азман грифт” (мендан олди) ва “доштим” (тўлқинландим, ларзага келдим) радифли марсияларини ёзган.
1862 йил (бундан 163 йил олдин) – Тошкентдан Худоёрхон, Ўратепадан амир Музаффар қўшинлари йўлга чиқиб, Хўжандни эгаллади. Бу воқеа ҳижрий 1278 йил зулқаъда ойининг йигирма бешинчи куни (милодий 1862 йил 24 май)да рўй берди. Хўжанд забт этилгач, тезда иттифоқчилар қўшинлари Қўқонни ҳам эгалладилир. Шу тариқа амир Музаффарнинг ёрдами билан Худоёрхон иккинчи марта Қўқон тахтига ўтирди. Лекин унинг бу галги ҳукмронлиги (1862–1863) узоққа чўзилмади.
1890 йил (бундан 135 йил олдин) – мусиқий фольклоршунос, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Елена Романовская таваллуд топди (вафоти 1947 йил). У 27 ёшидан бошлаб умрининг охиригача Ўзбекистонда яшаган. Елена Романовская ўзбек аёллар қўшиқлари, Хоразм мақомлари, дутор куйларини нотага ёзиб олиб, нашр эттирган. Булар орасида 2 жилдли “Ўзбек халқ қўшиқлари” тўпламининг аҳамияти катта.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан кўп йиллик ҳалол меҳнати, ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги хизматлари ва фаол жамоат фаолияти учун Ойдин Ҳожиева ва Ҳалима Худойбердиева “Ўзбекистон халқ шоири”, Неъмат Аминов “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвонлари билан мукофотланди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Тошкентда Қозоғистон элчихонаси очилди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим тизими учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар харид қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – ўзбек адабиёти ривожига нодир истеъдоди, бадиий теран, фалсафий шеърлари, драматик ва публицистик асарлари, достон ва таржималари орқали улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон Каҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов номини абадийлаштириш, шоир издошларини кашф этиш ва уларнинг истеъдодларини кенг намоён қилишларига шарт-шароит яратиш мақсадида Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун фуқароларнинг, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, бу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтириш учун ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилган.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА