Ҳарвард талабаларининг тўртдан бир қисмидан кўпроғи университет алмашинув дастури аккредитацияси бекор қилингани сабабли бошқа олий ўқув юрти топишга мажбур бўлади, деди АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги раҳбари Кристи Ноэм.
Унинг сўзларига кўра, бу барча хорижлик талабалар ҳозирги мақомини сақлаб қолиш учун бошқа таълим муассасасига ўтиши шартлигини билдиради.
Ноэм “Fox News” телеканалига интервью бераркан, бу йил биринчи курс талабаларининг 18 фоизи хорижлик эканини таъкидлади.
Оқ уй аввалроқ Америка университетларига яҳудий талабаларни ҳимоя қилиш талабини қўйиб, акс ҳолда молиялаштириш қисқартирилиши билан таҳдид қилган эди. Маълумки, Исроил ва Ғазо можароси ортидан Яқин Шарқда вазият кескинлашгач, Америка университетларида намойишлар кўпайди.
Апрель ойида АҚШ Таълим вазирлиги кадрлар ва таълим сиёсатини ўзгартириш тўғрисидаги талабни очиқчасига рад этгани учун Ҳарвард университети ҳукумат томонидан ажратиладиган 2,2 миллиард доллардан маҳрум этилишини эълон қилди.
Шунингдек, Президент Дональд Трамп бу олий таълим масканини мавжуд солиқ имтиёзидан ҳам мосуво қилишини шама қилган.
Келгусида бошқа университетларга ҳам чет эллик талаба қабул қилиш тақиқланиши мумкин, дейди вазир.
"Ахиос" портали университет вакили Жейсон Ньютоннинг сўзларига таяниб хабар беришича, Ҳарвард ҳукумат қарорини ноқонуний, деб ҳисоблайди.
- Ушбу жавоб ҳаракати жамоамиз ва мамлакатимизга жиддий зарар етказади, илмий ва тадқиқот миссиясига путур етказади, - дейди мулозим.