Кувайт ахборот агентлиги – KUNA, шунингдек “Ал-Рай медиа”, “Ал-Жарида” каби қатор нашрлар ёзишича, Ўзбекистоннинг ушбу араб давлатидаги элчихонаси 2025 йил 1 июндан бошлаб Кувайт фуқаролари учун юртимизга визасиз кириш тартиби жорий этилганини маълум қилган.
Элчи Аюбхон Юнусов “Ал-Рай” нашри билан телефон орқали мулоқотда ушбу қарор мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлар оқимини кескин тезлаштириш, туристик хизмат кўламини жадал кенгайтириш орқали ҳар икки давлат иқтисодиётини юксалтиришга ҳисса қўшиш мақсадида қабул қилинганига эътибор қаратди. У кувайтликларни ушбу имкониятдан фойдаланиб, диёримизнинг сайёҳлик таклифлари хилма-хиллигини ўрганиш, хусусан Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларга ташриф буюриш, кенг туризм инфратузилмаси билан фахрланадиган Тошкент ва Жиззах вилоятлари табиий гўзаллигидан баҳраманд бўлишга чақирди.
Дипломатимиз Баҳрайн Қироллиги ва Ўмон Султонлиги фуқаролари учун ҳам Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланганини таъкидлади. Айниқса, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурини амалга ошириш учун ҳар ой 2-ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари “Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни” сифатида белгиланганига урғу берди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА