Мувозанат
Инсон ва табиат ўртасидаги мувозанат масалаларига бағишланган “Мувозанат” лойиҳамизнинг навбатдаги сонида долзарб экологик муаммога айланиб бораётган иқлим ўзгариши ҳамда унинг сабаб ва омиллари ҳақида тўхталамиз.
Бу борада бизга суҳбатдош Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти илмий ходими Алишер Худойбердиев бўлди.
– Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий экологик муаммо — глобал иқлим ўзгариши юзага келмоқда. Шунингдек, озон қатламининг емирилиши, мавсумлар сурилиши каби вазиятлар жиддий эътиборни талаб қилади. Аввало, иқлим ўзгаришининг сабаблари, омиллари нималардан иборат?
–Иқлим деганда ҳар 30 йилликда ёки ўртача 30 йилликда атмосферадаги ўзгаришлар, элементларнинг ўзгариши тушунилади. Бугунги кунда ота-боболаримиз қиш кунларида кўрган 1-2 метрлик қорларни кўрмай қўйдик. Ёхуд баҳор-куз мавсумларида ёмғирларнинг камайиб кетгани ёки ёз ойларида ёмғир ёғиши, аномал совуқ, аномал иссиқ каби ҳолатларнинг кузатилаётгани иқлим ўзгаришларининг оқибатидир.
Инсониятнинг ҳаёти давомида турли иқлим ҳолатлари кузатилган. Масалан, музлик даври ҳақида хабардормиз ёки исиб кетган вақтлар ҳам бўлган. Ҳозирги иқлим ўзгаришлари эса 1800-1850 йилларга бориб тақалади. Яъни, айни шу даврда саноатнинг ривожланиши натижасида инсониятнинг табиатга салбий таъсири анча юқорилаб кетган. Буни агар 5 баллик тизим асосида баҳолайдиган бўлсак, инсониятнинг пайдо бўлишида 1 балл деб ҳисобланган. Саноат асрида эса инсониятнинг табиатга таъсири 4-5 балл нисбатда баҳоланади.
Иқлим ўзгаришларининг сабаб ва омиллари бўйича иқлимшунослар, олимлар ўртасида икки хил қараш бор. Бир гуруҳ олимлар табиий омиллар натижасида юзага келган дейишса, яна бир гуруҳ олимлар инсониятнинг таъсири юқорироқ деган мисоллар келтиришади. Табиий омилларга Ернинг ички ва ташқи кучлари, Қуёш ва Ойнинг ҳолати, вулқон отилиши, зилзила каби инсониятга боғлиқ бўлмаган омиллар киради. Антропоген омиллар эса саноатнинг ривожланиши, транспорт воситаларининг кўпайгани, ўрмонларнинг аёвсиз кесилиши, шаҳарлашиш, айниқса, энг катта омил сифатида қаралаётган иссиқхона газларининг ошиб кетиши иқлим ўзгаришларига таъсир кўрсатаётган ҳолатлардир.
Ўзбекистондаги ҳолатга тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда ўртача иқлим ҳолати 1850 йилги меъёрга нисбатан 2-3 даражагача ошиб кетганини кўриш мумкин. Бу борада дунё миқёсида ўртача иқлим ҳарорати 1,55 даражага ошган. Аср охирига бориб, ҳатто 2050-60 йилларда 4-5-6 даражагача кўтарилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу хавфли иқлим сценарийси ҳисобланиб, албатта, кўплаб тармоқларга салбий таъсир кўрсатади. Жумладан, сув танқислиги муаммоси ҳам кучайиб боради. Сув муаммоси бўйича Ўзбекистон 164 та давлат орасида 25-ўринни эгаллайди.
–Бу йилги ёз фаслида қандай ҳарорат кутилмоқда, қандай прогнозлар бор?
–Май ойининг охири ва ёзнинг дастлабки кунларида одатдагидан анча пастроқ, салқинроқ ҳаво ҳарорати кутилмоқда. Шунингдек, ёмғирли кунлар кузатилиши мумкин. Аммо кейинчалик ёз ойлари давомида кўп йиллик меъёрдан 1-2 даража юқори бўлиши кутилмоқда. Қурғоқчилик ҳам кузатилади.
–Нима деб ўйлайсиз, бундан буёғига инсоният аномал совуқ ёки аномал иссиқ шароитларини оддий қабул қилган ҳолда бунга мослашиб бориши керакми? Демоқчиманки, бундай иқлим ҳароратлари одатий тусга кириб бораверадими?
–Бу борада олимлар орасида 2 хил қарашлар бор. Айримлар аср охирига бориб, иқлимнинг совиб кетиши кузатилишини айтса, айримлар эса ҳозирги тенденция давом этишини айтади. Яна бир жиҳат борки, прогнозларнинг муддати чўзилгани сари уларнинг ишончлилик кўрсаткичи ҳам камайиб бораверади.
Албатта, табиат қисқа фурсатда турлича кўринишда ўзгариб кетиши мумкин. Умуман, иқлимдаги айни пайтдаги ҳолат давом этадиган бўлса, аномал иссиқ, аномал совуқ тушунчалари оддий тушунчага айланиб қолиш эҳтимоли бор.
–Иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва бунинг оқибатларини юмшатиш учун инсоният нима қилиши керак бўлади?
–Иқлим ўзгаришини тўхтатиб бўлмайди. Балки бунга мослашиш, оқибатларини бироз бўлса-да, юмшатиш мумкин. Бунинг учун иссиқхона газларини камайтириш, яъни кўмир ва газ истеъмолини камайтириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш амалиётини жадал олиб бориш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, табиий ресурслардан тежаб ишлатиш чораларини кўриш лозим бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gnGe7V87yV4" title="Yozda qanday harorat kutilmoqda, iqlim o‘zgarishining omillari nimalardan iborat?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Ёқуб Мелибоев, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА