Жиззахда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуман аввалида бошқарма бошлиғи Санобар Суярованинг 2024-2025 ўқув йилида тизимда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар хусусидаги ахбороти тингланди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимида 1709 та мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) мавжуд бўлиб, ҳудуддаги 134 минг 336 нафар 3-7 ёшли боладан 104 минг 983 нафари ёки 78,1 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган ва бу болажонларга 8086 нафар педагог тарбия бериб келаётгани таъкидланди.

Жорий йилда мактабгача таълимнинг қамров даражасини ошириш ва 81 фоизга етказиш мақсадида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш истагида бўлган тадбиркорларга амалий кўмак бериш орқали 58 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 5 та хусусий МТТ, 5 та давлат хусусий шериклик асосида МТТ фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. Бугунги кунга келиб, шулардан 11 та оилавий нодавлат МТТ ҳамда Шароф Рашидов туманида 1 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат МТТ фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди.

Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 – 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоят бўйича жами 450 ўринли 3 та янги МТТ нинг қурилиши, жами 400 ўринли 2 та МТТ нинг реконструкцияси белгиланган ва бугунги кунда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Республика Бош вазирининг 2025 йил 30 январь куни ўтказган йиғилиш баённомасида белгиланган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах шаҳридаги 3 та ДМТТ биносини янгидан қуриш бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Вилоятда умумий тартибдаги 13 та ДМТТ да инклюзив таълим гуруҳлари ташкил этилиб, улардаги 24 та инклюзив гуруҳга жами 37 нафар тарбияланувчи қамраб олинган. ДМТТлар мавжуд бўлмаган 6 та олис ҳудудда жами 12 та мобиль гуруҳ ташкил этилиб, бу гуруҳларга хизмат кўрсатиш учун 3 дона “Ақлвой” автобуси келтирилган ва уларга 288 нафар бола қамраб олинади.

Вилоят бўйича 560 та умумий ўрта таълим мактаби, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда 1 та болалар кутубхонаси фаолият олиб бормоқда. Ушбу таълим муассасаларида таълим олаётган 270 минг 689 нафар ўқувчига 24 минг 83 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги номи юқорида зикр этилган 454-сонли қарорига асосан вилоят бўйича 19 та умумий ўрта таълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган бўлиб, бугунги кунда қурилиш ва реконструкция ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизимини такомиллаштириш
бўйича белгиланган талаблар асосида ўтган 2024 йил давомида 10 та мактаб тўлиқ жиҳозланган бўлса, жорий йилда яна 108 та мактабни жиҳозлаш режалаштирилган ва бугунги кунда 42 та мактабда жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда.
Вилоят бўйича 13 та умумий ўрта таълим мактаби негизида “Жасорат мактаблари” ташкил этилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 2 та мактаб тайёр ҳолатга келтирилди. Қолган мактабларда ҳам таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, 2025 йилда қўшимча яна 28 та умумий ўрта таълим мактаби негизида “Жасорат мактаблари”ни ташкил этиш ишлари белгилаб олинган бўлиб, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилган.
2024 - 2025 ўқув йилидан бошлаб 13 та умумий ўрта таълим муассасаида касб-ҳунар ўргатиш ишлари йўлга қўйилган. 9 турдаги 6 та ишчи касби, 3 та ахборот технологиялари йўналишида ўқувчи-ёшлар таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида қўшимча равишда яна 7 та мактабда касбга ўқитиш ишларини ташкил
этиш режалаштирилган.
– 2024 – 2025 ўқув йилида ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, уларга замонавий методикаларни ўргатиш мақсадида хорижий давлатлардан 14 нафар ўқитувчи жалб қилинди ва уларга барча шарт-шароит яратиб берилди, – дейди бошқарма бошлиғи Санобар Суярова. – Янги ўқув йилидан яна 30 нафар хорижий мутахассис жалб этишни режалаштирганмиз.
Айни пайтда вилоятимиздаги 60 та умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган 92 та инклюзив таълим синфида жами 131 нафар ўқувчи таълим олиб келаётган бўлса, янги ўқув йилида 54 та умумий ўрта таълим мактабида инклюзив таълим синфлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Булардан ташқари, вилоятдаги ҳар бир туман ва шаҳарда 1 тадан умумий ўрта таълим мактабида тўсиқсиз муҳит яратиш мақсадида 13 та мактаб танлаб олинган ва ҳозирги кунда уларда жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбир очиқ ва эркин мулоқот тарзида ўтиб, журналистлар тизим равнақи йўлида ўзларининг бир қатор жўяли таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Анжуман сўнггида иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири