Эртага, 2025 йил 24 май куни мактабларда жорий ўқув йили якунига етади. Шу муносабат билан таълим муассасаларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтади. Бу қўнғироқ мактаб битирувчилари учун ҳақиқатан сўнггиси бўлгани учун ҳам тадбир ҳаяжонларга тўла бўлади.
Бу жараёнда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларининг нафақат юқори савияда, балки хавфсиз ўтказилиши жуда муҳим. Ички ишлар вазирлиги айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова шу йўналишда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди:
– Жорий йилнинг 24 май куни соат 08.00 дан 10.00 га қадар “Сўнгги қўнғироқ” байрам тадбирлари республикамизда фаолият олиб бораётган 10 мингдан ортиқ муассасада мактаб ўқувчилари, ота-оналар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида кенг нишонланиши белгиланган.
Ушбу таълим муассасаларида 1-синф, 9-синф, 11-синф бўлган жами 2 миллиондан ортиқ битирувчи иштирок этиши кутилмоқда.
Республика ҳудудида ўтказиладиган тадбирларда хавфсизликни таъминлашга жами 27 мингдан ортиқ Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва ҳарбий хизматчилари бириктирилди.
Тадбир ўтказиладиган таълим муассасалари тегишли мутасадди идоралар ходимлари томонидан тўлиқ текширувдан ўтказилиб, қўриқлаш пультига уланган. Видеокузатув камералари эса ҳудудий ички ишлар органларининг ситуацион марказларига интеграция қилинган.
Бундан ташқари, мактабларда ўқув йили якунланиши муносабати билан ёшларимиз хиёбонлар ва истироҳат боғларига ҳордиқ чиқариш учун келишлари кутилмоқда. Ушбу жойларда хавфсизликни таъминлашга жами 5 мингдан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳарбий хизматчилар хизматга бириктирилди.
Ҳудудлардаги бевосита йўл четида жойлашган мактаблар олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл-патруль хизмати инспекторлари кучайтирилган тартибда хизмат олиб боради. Мактабларнинг жойлашган жойига қараб транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик чекланади. Шу куни имкон қадар барчага жамоат транспортида ҳаракатланишлари тавсия этилади.
Шу ўринда барча ота-оналар ва катталардан битирувчиларнинг ярим тунгача истироҳат боғларида юришлари, спиртли ичимлик, тамаки маҳсулотлари ва тақиқланган моддаларни истеъмол қилишлари, кўчаларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб кортежларда юришлари, автомашина, скутер, самокатларни олиб бошқаришлари, анҳор, канал ва чўмилиш ҳавзаларида сузишлари, ўзларининг ёнларида тиғли кесувчи, санчувчи ҳамда бошқа инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган буюмларни олиб юришларига йўл қўймасликни сўраб қоламиз.
Н.Абдураимова,
ЎзА