Бугун, 23 май куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 11-тур учрашувларига старт берилади ва баҳслар 26 май кунига қадар давом этади.
Турнинг илк кунида “Насаф” – ОКМК ва “Андижон” – “Сурхон” жамоалари рақобатлашса, 24 май куни “Сўғдиёна” – “Бухоро”, “Нефтчи” – “Шўртан”, 25 май куни “Навбаҳор” – “Қўқон-1912”, “Пахтакор” – “Хоразм”, “Динамо” – “Қизилқум”, 26 майда эса “Машъал” – “Бунёдкор” жамоалари ўзаро куч синашади.

Мазкур турни бошлаб берадиган “Андижон” – “Сурхон” беллашуви соат 19:00да “Бобур-арена” стадионида старт олади ва ушбу ўйин олдидан жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикасини тақдим этишни лозим топдик.

Жамоаларнинг илк тўқнашуви 1992 йили бўлиб ўтган ва бугунга қадар миллий чемпионатимизда жами 34 марта учрашув ўтказилган. Уларда “Андижон” 17, “Сурхон” эса 11 маротаба ғалаба қозонган. Қолган 6 баҳсда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати 62/43 “Андижон” клуби фойдасига.
Сўнгги бор “Андижон” “Бобур арена”да “Сурхон”ни 2021 йилги мавсумда 1:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, шу йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи доирасида ўтказилган учрашувда “Сурхон” 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган.

Бу йилги Суперлига баҳсларининг ортда қолган 10 тури якунига кўра, “Сурхон” 13 очко билан 8-поғонада бораётган бўлса, “Андижон” 9 очко жамғариб, 13-ўриндан жой олган.
Энди эса бу турнинг марказий учрашуви дейилаётган “Насаф” – ОКМК тўқнашувига тўхталиб ўтамиз. Ушбу жамоалар айни дамда ўтган йилдаги каби Суперлиганинг пешқадамлари бўлиб турибди. Жумладан, 10-турдаги натижалардан сўнг ОКМК 23 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, “Насаф” 22 очко жамғариб, иккинчи ўринда бормоқда.
Шу ўринда ўзаро ўйинлар статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, бу икки клуб Суперлигада (Олий лига) бугунга қадар 36 та ўйинда рақобатлашган. Уларнинг 17 таси Қарши шаҳри бош жамоасининг ғалабаси билан якунланган бўлса, 14 та ўйинда дуранг қайд этилган. ОКМК эса 5 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилган. Тўплар нисбати 57/33 - “Насаф” фойдасига. Жамоалар сўнгги бор роппа-роса 1 ой аввал Ўзбекистон кубоги доирасида тўқнаш келди. Унда Миржалол Қосимов шогирдлари 3:2 ҳисобида зафар қучди.
Дарвоқе, бугунги учрашув Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида соат 20:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА