Ватанимиз тарихидаги 23 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1373 йил (бундан 652 йил олдин) – Амир Темур замонида ўтган йирик қомусий олим Тафтазоний (1322–1392) Самарқандда ўзининг “Мақосад ул-калом ва шарҳи мақосад” китобларини ёзиб тамомлади. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, унинг биринчи илмий асари Сарахс олимлари орасида машҳур бўлиб, шу асари орқали ёш олим мадрасада мударрислик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. Шу даврдан бошлаб у қарийб 30 йил давомида – 1340 йилдан 1372 йилгача Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг турли шаҳарларидаги мадрасаларда фалсафа ва мантикдан дарс берган. Сўнгра Амир Темур даъватига биноан Самарқандга келиб, саройда хизмат қилган ва умрининг охиригача шу саройда яшаб ижод билан шуғулланган.
Марказий Осиё фалсафий тафаккури тарихида ўчмас из қолдирган файласуф Тафтазонийнинг назарий мероси ўрта асрлар фанининг барча соҳаларини ўз ичига олган бўлиб, Қуръон тафсиридан бошқа асарлари араб тилида ёзилган. Бу асарлардан XIV–XVI асрнинг иккинчи ярмигача Мовароуннаҳр ва унинг атрофидаги мадрасаларда ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган. У мантиқ, ҳуқуқ, математика, астрономия каби фан соҳаларига доир асарлар ёзган. Ўзидан олдин ўтган мутафаккирларнинг асарларига турли шарҳлар битган.
1507 йил (бундан 518 йил олдин) – тарихчи олим Турғун Файзиевнинг қайд этишича, Муҳаммад Шайбонийхон қўшини Ҳирот шаҳрига кириб, шаҳарни талон-тарож қилди. Султон Ҳусайн Бойқаронинг, Бадиуззамон Мирзонинг, Музаффар Ҳусайн Мирзонинг ҳарамлари ва мол-мулкларини, шунингдек бошқа аъёнларнинг хотин-қизлари, бола-чақаларини ҳибсга олиб, ғолиб хон Муҳаммад Шайбонийхон ҳузурига олиб борадилар.
Музаффар Ҳусайн Мирзонинг Хонзода бегим номли хотини хонга манзур бўлиб, уни ўз никоҳига киритади. Тарихчи олим Хондамирнинг таъкидлашича, Музаффар Ҳусайн Мирзо мазкур Хонзода бегимни бундан икки йил муқаддам талоқ қилган экан. Музаффар Ҳусайн Мирзонинг Хонзода бегимдан туғилган Меҳрангиз номли қизини эса Убайдулло Султон ўз никоҳига киритади. Бошқа маликалар қўшин сардорлари, амир ва бекларга инъом қилинади.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистон Республикаси Халқ маориф комиссарлиги қошида музейлар ва қадимий ёдгорликлар, санъат ва табиат обидаларини сақлаш республика қўмитаси тузилди.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Бутун Хоразм халк вакилларининг иккинчи қурултойида Ер ишлари нозирлиги ҳузурида Ҳожибой Аминатдинов раислигида Марказий сув бошқармаси тузилди. Бошқарманинг ваколатига, республикадаги суғориш тизими, унинг экин ерларига тўғри тақсимланишини назорат қилиш, ариқ ва каналларни тозалаш, аҳолини ҳар йилги қазув ишларига сафарбар этиш кирган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Индонезия Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – шоир ва мутафаккир Машраб таваллудининг 350 йиллиги муносабати билан Наманганда Бобораҳим Машраб музейи ва ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлди.
2002 йил (бундан 23 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергиясини декларациялашни соддалаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2008 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2013 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги тeхника ва тeхнологиялари синаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Суди пленумининг “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида музей ва театрларнинг маркетинг фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА