IMAN компанияси ислом молияси тамойиллари асосида ишлайдиган иқтисодий ечимлар экотизими – “IMANUM app” иловасини ишга туширди.
Технология ва ахлоқ уйғунлигида муқобил иқтисодий ечимлар яратувчи ушбу инвестицион-молиявий компаниянинг мақсади барқарор ва шаффоф молиявий тизимни шакллантириш ҳисобланади. Бу тизимда ҳар бир инсон ўз капиталини онгли бошқариши, қарз юкини камайтириши ва адолат тамойилларига асосланган қарорлар қабул қилиши мумкин.
IMAN компаниясининг асосий фаолияти хавф-хатарларни камайтирадиган ҳамёнбоп молиявий воситаларни ишлаб чиқиш, масъулиятли истеъмол ва узоқ муддатли молиявий режалаштиришни қўллаб-қувватлаш, молиявий саводхонлик даражасини ошириш, қулай рақамли маҳсулотлар ҳамда ўқув контенти орқали инвестициялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Компания ташкил этилганига беш йил бўлди. Ушбу сана муносабати билан пойтахтимизда тақдимот тадбири ўтказилди. Унда компаниянинг ўтган даврдаги фаолияти, эришган натижалари ва келгусидаги режалари ҳақида сўз борди. Компаниянинг янги бренд-фалсафаси, молия дунёсидаги замонавий муаммоларни ҳал этишга қаратилган қарашлари тақдим этилди. Шунингдек, IMANUM иловаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Илованинг асосий мақсади инсонларнинг ўз пулларига бўлган муносабатини қайта шакллантириш – уларни пулларни тўплашга, уларни исроф қилмасликка, инвестиция қилиш орқали кўпайтиришга ўргатишдир.
Мамлакатимизда IMAN лойиҳаси маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, “Murad Buildings”, BI Group каби машҳур қурилиш компаниялари билан тижорий кўчмас мулкка инвестиция киритиш имкониятини йўлга қўйди. Банклар учун IT тизим яратилди. Бу йўналишда компания “Ўзсаноатқурилишбанк” билан шартнома имзолаган.
– Бу кун биз учун жуда муҳим, негаки компания фаолият бошлаганига 5 йил бўлди, – деди IMAN асосчиси Рустам Раҳматов. – Жамоамиз билан ушбу кунни узоқ кутдик. IMAN – бу молия дунёсидаги нур. Яъни анъанавий молия дунёсига ҳалол, ахлоқий ва ислом молиясига мувофиқ ечимларни олиб кирадиган нур. Тақдим этилган IMANUM иловаси кенг аудиторияга, жумладан ёш мутахассислар, оилалар, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар, фрилансерлар, умуман олганда онгли истеъмолга йўналтирилган шаффоф молиявий воситаларни излаётганлар учун мўлжалланган. Қайд этиш керак, мутахассислар ушбу илова “Ҳозир жамғар – кейин сотиб ол” тамойили асосида қурилган янги авлод экотизими эканини таъкидламоқда. Илова фойдаланувчиларга қарз олмасдан онгли равишда режа тузиш, жамғариш ва инвестиция қилишга ёрдам беради.
Тақдимот давомида IMAN 2024-2025 йилги Жаҳон Исломий Финтех ҳисоботига кўра, 30 та етакчи исломий финтех компаниялари рўйхатига киритилгани таъкидланди.
[gallery-23496]
–IMAN – шаффофлик ва барқарор ривожланиш тамойилларига асосланган муқобил молиявий ечимларни яратувчи компания, – дейди “Murad Buildings” асосчиси Мурод Назаров. – Охирги пайтларда Ўзбекистон бозорида IMAN каби платформалар молиявий технологияларни қўллаган ҳолда турли имкониятлар тақдим этмоқда. Натижада маҳсулотлар кўпаймоқда. Мазкур компания бир неча йиллик тажрибаси билан ўзининг инвесторлари, улушдорларига нисбатан ишонч қозонди. Тақдимот қилинган янги хизматлар ҳам жуда долзарб эканини кўрдик. Компания сўнгги 5 йил давомида катта маҳсулот яратиш устида изчил иш олиб боргани эътирофга сазовор. Мен компания улушдори сифатида бошқарув жамоасини доимий равишда қўллаб-қувватлаб тураман.
Тадбир доирасида меҳмонлар учун алоҳида суратга тушиш майдончалари, суҳбат ва муҳокамалар учун махсус жойлар ташкил этилди. Фурсатдан фойдаланиб, IMAN лойиҳаси ҳаммуассиси Мадияр Султоновдан интервью олдик.
– Биз ҳамкорларимиз билан биргаликда яратган ечимларимизни тақдим этяпмиз, – деди Мадияр Султонов. –Бу ҳамкорларимиз ва инвесторлар учун йирик, инновацион ва ишончли лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш имконияти ҳамдир. Бу лойиҳалар нафақат инвестиция сифатида, балки жамиятнинг умумий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Йўлга қўйилган “IMANUM” иловаси ҳақида гапирсам, биз таниш молиявий хизматларни янгидан талқин қиляпмиз. Бу шунчаки экотизим эмас, молиявий хабардорлик, эркинлик ва адолат сари ташланган қадамдир. “IMANUM” иловаси асосан маблағ тўплаш ва ундан кейинги сарфлаш концепциясига асосланган. Ҳозирги замонда ҳамма фақат харид қилишни ўйлайди. Биз эса, аксинча, жамғариш, инвестиция қилиш ва маблағни кўпайтиришга чақирамиз. Илова онгли истеъмол концепциясига таянади. Биз айнан шуни Ўзбекистон халқига восита сифатида тақдим этмоқчимиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8kFd2JZPIGw" title="IMAN – pulni jamg‘arish, investitsiya qilish va ko‘paytirish uchun imkoniyat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, ЎзА