Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтининг бир гуруҳ олимлари Венгриянинг “Esterhazy” амалий фанлар университетида бўлди.
Томонлар ўртасида Европа иттифоқининг “Эрасмус+” дастури доирасида К171 академик мобиллик лойиҳаси қўлга киритилган. Ушбу лойиҳа доирасида институтнинг 2 нафар магистранти 2025 йил март ойидан бошлаб “Esterhazy” амалий фанлар университетида ўқишни давом эттирмоқда.
Мазкур халқаро лойиҳада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти олимлари ушбу мамлакатда бўлиб, қатор учрашувлар ўтказган. Бундан асосий мақсад узумчилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳаларида ўзаро ўқув ва илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, ушбу соҳада тажриба алмашиш ҳамда институтдаги ўқув жараёнларига татбиқ этишдан иборат.

Делегациямиз вакиллар сафар давомида илмий лабораториялар, у ерда олиб борилаётган замонавий илмий-тадқиқотлар билан танишди. Айниқса, узум етиштириш ва уни қайта ишлашнинг замонавий технологиялари, ток касалликларига қарши курашнинг илмий асосланган усуллари билан танишиб, бу борадаги янги билим ва тажрибаларни эгаллашди.
Мулоқот чоғида икки томонлама талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурларини ташкил этиш, ҳамкорликда узумчилик соҳасида тадқиқотлар олиб бориш ҳамда икки университет талабалари учун амалиёт дастурларини ташкил этиш ишлари келишиб олинди.
Қайд этиш керак, СамДУ томонидан ёшларни хорижда ўқитиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда олийгоҳнинг 5 нафар битирувчиси Венгриянинг аграр соҳадаги етакчи университетларида магистратура ва докторантура йўналишларида таҳсил олмоқда.
Б.Худойбердиев, ЎзА