Болага исм қўйиш халқимиз учун ўта муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Муқаддас динимизда фарзандга яхши от танлаш ота-онанинг муҳим бурчлари қаторида саналади. Исмларда ота-она ва яқинларнинг фарзанддан кутган орзу-ҳаваслари акс этади. Собиржонга исм танлашганида ота-оналарими, бобо-бибиларими унинг сабрли бўлишини тилашган бўлишса керак.

“Ҳар исмнинг ўз тилсими бўлади”, – дейишади. Эҳтимол, ростдир.

Тақдир унинг сабрини кўп бор синади. 

Биринчиси – болалигида соппа-соғ оёғи ногирон бўлиб қолди. Тотмаган дарди, чекмаган азоби кам қолди. Ҳозирги ЎзМУнинг Журналистика факультетига ҳам ўзидан тўрт ёш кичиклар билан бирга кириб ўқиди. 

Ўқишни битириб, йўлланма билан ўзи туғилиб ўсган Тошкент вилоятининг Пискент туманида чиқадиган “Меҳнат байроғи” (ҳозирги “Пискент ҳаёти”) газетасига ишга борди. Сабр билан ишлади.  2007 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби ҳам бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари аъзоси ҳам бўлди. Ҳаш-паш дегунча ўттиз тўрт йил ортда қолиб, муҳаррир ўринбосари лавозимидан пенсияга чиқди. Буни иккинчи бир сабр белгиси ҳисоблаш ҳам – мумкин. 

Ўзи каби журналист, ижодкор қизга уйланди. Икки ўғил, икки қиз кўришди. Вояга етказишди. Ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди. Атроф ҳавас қиладиган оилага бирдан кўз тегди, чоғи: аёли оғир касалликка чалиниб, тўшакда ётиб қолди. Шу ётганча қирқ икки йил ётди. Яратган учинчи бор сабрини қаттиқ синади. Эҳтимол, бундайлар яна бордир, лекин камина умримда тўшакдаги аёлига гулдай қараган бундай эркакни кўрмаганман. Бу учинчи сабр эди. 

Ҳозир замон тезлашиб кетдими, ё сабр камайиб кетдими, бир нима дейиш – қийин. Ҳар ҳолда, мактаб ёшида потирлатиб назмий ёки насрий китоблар чиқариб ташлаётган ўқувчилар ҳам бор. Айнан адабиёт йўналишида Зулфия мукофотини олганлар неча нафар бўлди-ю, кейин ҳам ана шу ижодини изчил давом эттириб, адабиёт равнақига ҳисса қўшганлар сони – қанча? Билсангиз, айтинг.

Биз ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритаётган акамизнинг “Қўмсаш” деган биринчи ҳикоялар тўплами у эллик беш ёшга тўлганида, яъни 2005 йили Ўзбекистон миллий кутубхонаси нашриётида чоп этилди. “Тўртинчи сабрингга ҳам балли-е!” дегинг келадими-йўқми? Бироқ: “Яхши от кейин чопади”, – деганларидек, кейин  ҳар бир-бир ярим  йилда биттадан китоб чиқарди: “Нажот кўприги” (2006), “Тун бағридаги  шарпа” (2007), “Ҳаёт  иншоси” (2008), “Чинорлар узоқ  яшайди” (2009), “Кўзлари  нигорон” (2013), “Йўл бўйлаб” (2014), “Соқов хотин” (2015, роман), “Эгали  уй” (2016), “Осмоннинг  устуни” (2017), “Ҳаёт, йўл, умр” (2018), “Бедор қалб  туҳфалари” (2019), “Ортга  қайтмас  умр” (2021), “Чархпалак  дунё” (2023), “Қисмат  битиги” (2024)... 

Унинг охирги китобини атайлаб бу ерда тилга олмадим. Чунки у – бешинчи сабр исботи учун керак.

Ўтган йили у эллик бир йиллик ёстиқдошидан айрилди. Унга олдингиларининг барини қўшгандагидан ҳам кучлироқ  сабр керак бўлди... Юз кун ўзига келолмади. Ҳар куни аёли ҳақида ёзди. Охири “Ортимизда из қолсин, чироқ қолсин” деган китоб юзага келди. Уни кўз ёшланмай ўқиш – амри маҳол. “Тошкент ҳақиқати” газетаси шу йилнинг 12, 15 ва 19 март сонларида шу асарни “Ёлғизликнинг юз куни” номи билан эълон қилди. Таҳририятга кўплаб газетхонлардан мактублар келди.

“Меҳр”, “соғинч”, “қўмсаш”, “юпанч”, “адолат”  деган сўзлар –айтишгагина осон. Бироқ... 

Биринчидан, бундай ўта инсоний туйғулар ҳар кимда ҳар хил даражада мавжуд ё ривожланган.  Иккинчидан, яшаш учун кураш жуда мураккаблашган, бир қадар майдалашган, ишлаб чиқариши қолоқ жамиятларда анча камчиллашади. Учинчидан, тирикчилик ғами билангина андармон кишилар орасида бу нозик  ҳисни қадрлайдиганлар кам топилади.   

Бу ёзувчи асарларини бирлаштириб турадиган бош хусусият  шу − улардаги  қаҳрамонлар меҳр, соғинч, қўмсаш, юпанч, адолатнинг  қули. Улар – шу қадриятлар учун кураш йўлида қурбон бўлишга тайёр.

Масаланинг иккинчи жиҳати ҳам – бор.

Агар Алишер Навоийдек буюк қалам соҳиби   фақат пойтахт Ҳиротдаги шоирларнигина тан олиб, чекка-чекка ерларда яшаб, ижод билан банд шеър шайдоларини  писанд-манзират қилмаса эди, “Мажолис ун-нафоис” тазкираси жуда юпқа, бунинг устига,  ғарибгина бир тазкира бўлур  эди...

Ҳар гал бу акамиз ёзганларини ўқиганда, кўнгилдан шу фикр кечади.  Чунки бу камтару камсуқум қаламкаш Пискентда умргузаронлик қилади. Қалбида адабиёт яшайди. Бўлмаса, китоб ёзармиди? Ахир, отаси раҳматлидан азбаройи меҳнатнинг кучи билан обод қилинган ҳовлисию токзор боғи – бор. Кейин ёнидан икки ўғлига ҳам ер олиб ҳовли солишди. Учовларига тегишли ерларни қўшиб ҳисоблаганда жами – 65 сотих. Шу узумзорларнинг тагидаги ўтларни ёки ток баргларини териб ҳам йилига иккита буқа семиртирса бўлади. Йўқ-да, китоб ёзади. Сўзга ишқи – бор-да. Дунё тарихини титкилаб, амин бўламизки сўз санъатига иштиёқ ҳар кимда ҳам пайдо бўлавермас экан.

Ёзувчининг аксар асарларида содда, танти, мард, меҳнаткаш қишлоқ кишиларини шундоққина кўриб турасиз. Ишонсангиз, улар сиз билан дардлашади.

Кўплар шўро замони ҳақида оғиз кўпиртириб гапиради. Лекин таҳлил қилмайди. Нега дунёнинг социализм тизимидаги аксар мамлакатлари бу тузумдан воз кечиб юборгани сабабини қидириб ҳам ўтирмайди. Ҳолбуки, меҳнат ва унинг маҳсулотига эгалик қилиш тизими инсон табиатига мос эмаслиги, такомилга етмагани учун чинакам иқтисодий тараққиёт юз бермади. “Шоназар отанинг ғазаби” ҳикоясида бунақа ижтимоий-сиёсий, иқтисодий масалалар илмий ёки журналистик таҳлил этилмайди. Оддийгина бир инсон − колхоз ошпазининг адолатсизликка чидаёлмаслиги ўша замонда кўп такрорланган, ҳозир ҳам учраб турадиган ҳаётий воқелик орқали кўрсатилади. Фаросати бор одам тушуниб оладики, меҳнатни кўпчилик қилса-ю, ҳосилни текинхўрлар ўмариб кетаверса, бундай жамият қандай тараққий этсин?!

Тузум шу ниятда ўзгартириляпти, ислоҳот айнан шу мақсадда амалга ошириляпти, деган тушунчага келишимиз учун ҳам бизга ўша шўро даврини теран бадиий таҳлил этадиган асарлар – керак. Чунки адабиётда ижтимоий тузум яхши-ёмонлиги бевосита одамлар тақдири, уларнинг бахти ёки фожиаси орқали ифодаланади-да.

“Меҳр” ҳикояси қаҳрамони бўлмиш Садоқатнинг прототипи – бор. Камина ҳам танийман. Муаллиф уни кунда кўриб юргани ҳаётнинг ўзидан шундоққина олиб ёзиб қўя қолган.

“Андиша” ҳикояси кутилмаган тасвир билан тугайди. Тўқсонни қоралаб қўйган Рухсора момо минг бир андиша билан ўғиллари ҳолидан хабар олмаётганини маҳалла оқсоқолига секингина шипшитади. Андишасини ҳам айтади. Раис ҳам – тушунадиган одам. “Бўлди, ўғилларингиз билан ўзим учрашаман. Бу дўсту душман эшитгулик гап эмас”, − дейди. Лекин...

Эси қурсин-а, момо маҳалла идорасига қўшни қизчани эргаштириб борган эди-ку!.. Ахир, қишлоқда элнинг оғзига элак тутиб бўладими? “Бу қизча шунча андишани бир пул қилиб, уйидагиларга айтмайди”, – деб ким кафолат беради? Биров билдими,  эл билди, деяверинг.

Бу ҳикоячада бошқа ғоя ё талқин – йўқ. Лекин миллат – бор. Ғалати халқмиз-да. Муаллиф шуни айтмоқчи. Адабиётгина шундай тарзда айта олади.

“Қўмсаш” ҳам − таъсирчан ҳикоя.  Ёзувчи гапни айлантириб, бўяб-бежаб ўтирмайди. Сафар жўраси вафот этди-ю, Самар отага қийин бўлди. “Бир ҳафтадаёқ кўзидан нури кетиб, дармонсизланди-қолди”. Жўрасининг одатини яхши билади: ҳар куни саҳар-мардонда ўғилларини уйғотиб, ишга жўнатарди. Охири бир куни азонда ҳасса тақиллатиб борди-ю, Сафар отанинг ўғилларини уйғотди − кўнгли тинчигандек бўлди. Шу куни ўғилларга ҳам оталари тирилиб келгандек туюлди.   

“Сиз адамни танийсизми?” ҳикоясида ҳам меҳр қаламга олинган. Фақат бу ерда воқеа − ўзгачароқ, вазият − бошқа, қаҳрамон − бўлак. “Маъмуржон” деган болакай касалхона дарвозаси олдида интиқ бўлиб отасини кутади. Дадаси келмайди, ундан хабар олмайди. Чунки... ичади. Ичганда онасини урган, ўғлини ҳам қувиб, калтакламоқчи бўлган, кейин она-болани ташлаб кетган. 

“Адамни ёмон кўраман, билдингизми?!” − дейди бола. Аслида эса...  Бу гапни аламидан айтади. Азбаройи яхши кўрганидан, соғинганидан ичикиб қолади. Охири, тоғаси дўхтирни ҳам олиб, дадасини топиб келишга кетишади.

Ҳикояда ичкилик қораланиб, қуруқ ваъзхонлик қилинган, унинг зарари обдон тушунтирилган эмас. Аммо ўша зорманданинг бир мурғак кўнгилни қанчалар зада қилиб ташлаётгани, бўлажак шахсни нечоғлик синдираётгани   ҳаётий тасвир орқали кўрсатиб қўя қолинади.

Собиржон ака ҳикояларининг  мазмуни бир-бир сўзлаб берилмоқчи эмас. Айтилмоқчики, уларни ўқисангиз, шубҳасиз, маънан таскин топасиз. Руҳингизда эзгуликка майл пайдо бўлади. Муҳими − шу.

Дарвоқе, у 2022 йили “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонига лойиқ кўрилди. У кишининг Пискентда Музайяна Алавия номидаги адабиёт тўгараги раҳбари  сифатида фаолиятига ҳам ҳавас қилса, арзийди.

Яратган шунча сабр инъом этган, исми жисмига мос бу акамиз – ким?  Собиржон Иномов-да! 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Юнус Узоқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Набижон Раҳматов, Мирзапўлат Тошпўлатов, камина ва яна қанча бошқалар беш йил Журналистика факультетида бирга ўқиганмиз. 

Ўзи-ку етмиш бешни уриб қўйдилар. Аммо сабоқдошлик қизиқ бўлар экан: орадан ярим асрча вақт ўтган бўлса ҳам, хаёлимизда биз ўша-ўшадаймиз-да. Собиржон ака  ҳам – ҳамон ўша-ўшадай. Биз – укалар ҳам ҳазилдан қолмаймиз, денг. Эркаланамиз-да.

Илоҳо, яна кўп-кўп узум (“қовун” эмас) пишиғида ана шундай эркаланиб юраверайлик. Чиллаки пишганидан тоифига қизил югургунига қадар Пискентга узумхўрликка қатнайверайлик. 

Бироқ энди юзга кириш учун акага олтинчи сабр – керак. Чунки Алишер Навоий:

Юз йил киши умр тилар, бил, –

Ким сабр керакдур анга юз йил, –

деган.

Султонмурод Олимов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Исмнинг тилсими