Баъзида йўлкира нархларининг асоссиз оширилиши, онлайн тўловлардаги ноаниқликлар, автомобиллардаги техник носозликлар йўловчиларнинг кўнглини хира қилади. Уларни тегишли идораларга мурожаат қилишга ундайди.
Фуқаролар томонидан жамоат транспортидаги муаммолар юзасидан билдирилган мурожаатлар Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилмоқда.

Тегишли қонуний асосда олиб борилган таҳлиллар ва назорат тадбирлари натижасида ижобий ечимларга эришилмоқда.
Жумладан, Андижон, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида йўловчиларга хизмат кўрсатаётган ҳайдовчилар томонидан аниқланган муаммолар, яъни нархларнинг асоссиз оширилиши, йўловчилардан ортиқча йўл ҳақи ундириш, техник носозлик каби муаммоларга барҳам берилди.
Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги 105 ва 114-йўналишли таксилар томонидан йўлкира ҳақи асоссиз оширилгани аниқланиб, масъул ташкилотга нисбатан иш кўрилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида YandexGo хизмати орқали асоссиз қарздорлик ҳисобланган ва ортиқча маблағ ечиб олинган фуқарога компенсация тўланиб, қарздорлик бекор қилинди.
Таъкидлаш жоизки, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар бир фуқаро ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этиши мумкин.
Н.Раҳмонова, ЎзА