Жорий йилнинг май ойи мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида спорт воқеликларига бойлиги билан ажралиб турадиган давр сифатида тарихда қолади, десак муболаға бўлмайди.
Айнан уйғониш ва яшариш фасли баҳорнинг сўнгги ойида мамлакатимизда маҳоратли спортчиларни кашф этишнинг янгича тизими бўлган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларига старт берилган бўлса, сув спорт турлари, от спорти, кураш, эркин кураш, бокс, таэквондо, волейбол, гандбол, баскетбол, камондан отиш каби йўналишларда ўтказилган чемпионату биринчиликлар ҳақиқий спорт байрами кўринишини олди.

Спорт вазирлигида жорий йилнинг 22-25 май кунлари пойтахтимизда дзюдо бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Учқун Муродов хотирасига бағишланган Осиё кубоги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун шу йилнинг 28-31 май кунлари Нукус шаҳрида белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасида ташкил этиладиган қитъа ва жаҳон чемпионатларига тайёргарликка бағишланган ташкилий қўмита йиғилишида май ойидаги спорт тадбирларининг аҳамияти ва ўрни хусусида сўз юритилди.

Спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов раислигида ўтказилган йиғилиш давомида нуфузли мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш, чет мамлакатлардан келаётган спорт делегацияларини муносиб кутиб олиш, жойлаштириш, уларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини асраш, хорижий давлат спорт делегациялари учун юртимизнинг диққатга сазовор тарихий ва замонавий масканларига саёҳатлар уюштириш, мусобақаларнинг техник ва тактик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси мутасаддилари, Ўзбекистон белбоғли кураш ва дзюдо федерацияси масъуллари, дахлдор ташкилот ҳамда идора вакиллари қилинган ишлар бўйича ахборотларни тақдим этди.
Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, мамлакатимиз кейинги пайтда халқаро мусобақалар марказига айланиб бораётгани, нуфузли спорт тадбирлари натижасида Ўзбекистонга спорт ташкилотларининг вакиллари, маҳоратли спортчилар сони ортиб бораётгани юртимизда спорт туризмининг ривожини янги босқичга кутарди.
Йиғилиш якунида ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, шунингдек, ечимини кутаётган масалалар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Т.Рўзиев, ЎзА