Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли “Сув спорти саройи”да давом этаётган сузиш бўйича I Марказий Осиё очиқ чемпионатининг дастлабки куни қуйидаги спортчиларимиз шоҳсупага кўтарилди.
Мусобақанинг турли ёш тоифаларидаги эркин усулда сузиш бўйича 50 ва 400 метр масофага ўтказилган баҳсларда Анастасия Зелинская, Севара Яхшиева, Муҳаммадсодиқ Маҳсудов олтин медалга эга чиққан бўлса, Осиё Режапова, Юрий Петровнин, Элдор Усмонов маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Шунингдек, Михаил Клешко, Никита Корнилов, Паризод Абдукаримова, Алина Мурмуродова, Зарина Абдусаматова шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
[gallery-23474]
Чалқанча 100 метр масофага сузишда Михаил Клешко Муҳаммадисмоил Раҳмонов, Маҳдия Муҳторова, ўз ёш тоифаларида олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Глеб Кадишев, Ўктамжон Ҳасанов кумуш, Михаил Фокин, Злата Бекова, Ксения Пашинина бронза медали билан тақдирланди.
Баттерфляй йўналишининг турли ёш тоифаларида 200 ва 100 метр масофага ўтказилган беллашувларда Нозимахон Исмоилова, Элдор Усмонов барча рақибларини орта қолдириб, чемпионга айланди. Хусан Замихуллаев, Исмоил Юхневич, Севара Рашидова, Мадина Имомназарова каби сузувчиларимиз эса кумуш медалга эга чиққан бўлса, Алексей Юхневич, Жавлон Ғаниев, Абдулазиз Абдумажидов, Лилия Циганенко терма жамоамиз ҳисобига бронза медалини келтирди.
15-17 ёш тоифасидаги эркин усулда 4Х100 метр масофага эстафета йўналишида Қозоғистон 2 терма жамоаси ғолиб чиқди. Ўзбекистон 1 ва Ўзбекистон 2 терма жамоалари эса кучли учликдан жой олди.
Шунингдек, мусобақанинг илк кунида сузиш бўйича турли йўналиш ва масофаларда ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди. Бугун Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон терма жамоа аъзолари I Марказий Осиё очиқ чемпионатининг учта ёш тоифасида брасс, баттерфляй, эркин, чалқанча, комплекс турлари бўйича бир қатор масофаларга сузиш бўйича баҳсларда рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Санжар Тошпўлатов,
Алмурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА