Йиғимларнинг айрим турларини белгилаш, вақтинчалик солиқ имтиёзларини бериш билан боғлиқ нормаларни аниқлаштириш зарурати юзага келгани боис “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
2025 йил 17 майда кучга кирган мазкур қонунда айнан қайси жиҳатлар қамраб олинган?
– Қонун билан Солиқ кодекси ва “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, – деди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев. – Хусусан, пиво ва пиво ичимликлари билан ҳамда тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқлари учун йиғимлар жорий этилиши муносабати билан қонунчиликка ушбу йиғимларнинг турлари киритилди. Мазкур йиғимларни тўловчилар аниқлаштирилди.
Қонунга кўра, шундай маҳсулотлар билан савдо қилишни бошлаган тадбиркорлар бу ҳақда ваколатли давлат органини хабардор қилиши керак. Шунда улар ўша маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқига эга тадбиркорлар сифатида эътироф этилади ва белгиланган йиғимни тўлаб боради.
Йиғимларни тўлашнинг янги тартибига асосан пиво ва пиво ичимликлари билан ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар ҳар ойда олдиндан тўлов тарзида, жорий ойнинг ўнинчи санасига қадар тўланади.
Бундан ташқари, қонун билан тадбиркорликни ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор вақтинчалик солиқ имтиёзлари киритилди.
Хусусан, Солиқ кодексига киритилаётган қўшимчаларга кўра, 2027 йил 1 январга қадар рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорларга маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ битта қурилма учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда, ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини камайтириш ҳуқуқи берилди.
Паррандачилик соҳасидаги корхоналарни ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қонунда 2030 йил 1 январга қадар паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар экин майдонларидан ташқари ер участкалари бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод этилди.
Бунда, солиқ имтиёзи паррандачилик маҳсулотларини реализация қилаётган ҳамда белгиланган мақсадда бевосита фойдаланилмаётган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, республика бўйича жами 1 минг 218 паррандачилик корхонаси мавжуд бўлиб, уларнинг экин майдонидан ташқари ер майдони 12,7 минг гектарни ташкил этади.
Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғи ставкалари ер майдонининг жойлашган ҳудудига қараб 27 миллион сўмдан 44 миллион сўмгача белгиланган.
Қонун билан Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бино-иншоотлари ва ер участкаларини ижарага беришдан олган даромадлари бўйича фойда солиғидан 2027 йил 1 январга қадар озод этилди. Ижарага берилган объектлар ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ҳам шу жумладандир.
Бошқача айтганда, 51 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бўйича йиллик ўртача 17 миллиард сўмлик солиқ имтиёзи тақдим этилди.
Умуман, қонун билан солиқ имтиёзларининг тўғри қўлланилишига ва солиқ тўловчиларда турли хил тушунмовчиликларнинг бартараф этилишига оид нормалар жорий этилди. Рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига қулай ва тенг шарт-шароит яратилди. Солиқ имтиёзлари орқали паррандачилик корхоналари ихтиёрида қолган қўшимча маблағлар соҳани ривожлантириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш учун йўналтирилади. Болалар соғломлаштириш оромгоҳларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва моддий ресурсларидан самарали фойдаланиш имконияти ошади.
Норгул Абдураимова, ЎзА