2024 йилнинг 16 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишга доир қарори қабул қилинди. Унда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ҳимоя қилиш чоралари ҳам назарда тутилган.
Жумладан, электр энергияси ва табиий газ истеъмолида белгиланган меъёрдан ортиқ сарфланган қисми учун давлат томонидан компенсация тўланади. Шунингдек, моддий ёрдам кўрсатиш механизми жорий этилган бўлиб, барча тўловлар Давлат бюджети ҳисобидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали амалга оширилади.
Мавзу юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ижтимоий тўловлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фаррух Пардаев билан суҳбатлашдик.
– 2024-2025 йиллар иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами томонидан электр энергияси ва табиий газни базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилган ҳолларда қанча компенсация тўлаб берилди? Бу борада аниқ рақамлар мавжудми?
– Бу даврда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига бир марталик моддий ёрдам 290 миллиард сўм, компенсация учун эса 23 миллиард сўм миқдорида компенсация тўлаб берилди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан 2024 йил давомида Ижтимоий реестрга киритилган 444,1 мингга яқин оиланинг электр энергияси ва 92,6 мингдан ортиқ оиланинг табиий газ ойма-ой истеъмоли таҳлил қилинди.
Хусусан, битта оилага тўғри келадиган электр истеъмоли ойига ўртача 188 киловатт соат, газ 243 метр куб, шундан иситиш мавсумида ўртача 250 киловатт соат электр ва 513 метр куб газни ташкил этди. Бошқа ойларда эса 158 киловатт соат электр ва 108 метр куб газ сарфламоқда.
Таҳлилга назар ташласак, оддий ҳолатда 65,7 фоиздан ортиқ кам таъминланган оилалар электр энергиясини ижтимоий меъёр доирасида истеъмол қилса, иситиш мавсумида бу кўрсаткич 56 фоизгача тушиб кетмоқда. Худди шу каби оддий ҳолатда 94 фоиз кам таъминланган оилалар табиий газни (500 куб.метргача) ижтимоий меъёр доирасида истеъмол қилса, иситиш мавсумида бу кўрсаткич 54,8 фоизга тушмоқда.
–2025 йил 1 майдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун тарифлар янгилангани маълум. Бунда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун компенсация тўлаш ва моддий ёрдам бериш бўйича қандай ўзгартиришлар киритилди?
–Дарҳақиқат, жорий йил 1 майдан электр энергия ва табиий газнинг базавий меъёри бўйича тариф ошиши бу қатламдаги оилалар ойлик харажатини иситиш мавсумида 204 минг сўм, бошқа даврда 60 минг сўмга кўпайтиради.
Ойлик харажат бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, табиий газ иситиш мавсумида 523,4 минг (+178,9 минг) сўм, бошқа даврда 114,4 минг (+37,4 минг) сўмни, электр энергияси иситиш мавсумида 163,2 минг (+24,6 минг) сўм, бошқа даврда 93 минг (+23,2 минг) сўмни ташкил этади.
Ушбу харажатларни юмшатиш мақсадида жорий йил 1 майдан 2027 йил 1 апрелга қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган ҳамда юқоридаги реестрларга киритилмаган, мол-мулки бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, бироқ оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга компенсация тўлаб берилади.
Аниқроқ қилиб тушунтириб берадиган бўлсам, электр энергиясини меъёрдан (200 кВт/соат) 150 киловатт соатгача ошган қисмининг оширилган тариф бўйича қўшимча харажатларини йил давомида қоплаб берилади (амалда фақат ноябрь-февралда тўланган).
Иситиш мавсумида 21 фоиз ва бошқа даврда 18,4 фоиз камбағал оилаларнинг харажатини ёпиш учун ҳар ойда 30 минг сўмгача миқдорида компенсация тўланади. Натижада иситиш мавсумида 77,2 фоиз ва бошқа даврда 92,4 фоиз камбағал оилаларга электр энергиясини базавий нархда истеъмол қилиш имкони яратилади.
Табиий газ бўйича иситиш мавсумида меъёрдан (500 м3) 250 метр кубгача (амалдаги норма) ҳамда бошқа даврда меъёрдан (100 м3) 150 метр кубгача ошган қисми (янги норма) қоплаб берилади. Иситиш мавсумида 28,2 фоиз камбағал оилаларнинг харажатини ёпиш учун ҳар ойда 200 минг сўмгача, бошқа даврда 34 фоиз оилага 120 минг сўмгача компенсация тўланади.
Натижада иситиш мавсумида 83 фоиз ва бошқа даврда 93,2 фоиз камбағал оилаларга электр энергиясини базавий нархда истеъмол қилиш имкони яратилади. Бунинг учун жами 280 мингга яқин оилага 220 миллиард сўм тўланади.
– Маълумки, иситиш мавсумида электр энергияси ва табиий газ истеъмоли кескин ошиб кетади. Айниқса, эҳтиёжманд оилалар учун бу оғирлик келтириши мумкин. 2025-2026 йилги иситиш мавсуми давомида давлат томонидан қандай ёрдам ва имтиёзлар кўзда тутилган? Бу ёрдамлар айнан қандай тоифадаги фуқароларга берилади?
–Ўтказилган таҳлилга назар ташласак, жорий йил 1 майдан электр энергия ва табиий газнинг нархларининг ошиши эҳтиёжманд оилаларнинг иситиш мавсумида ўртача бир ойлик қўшимча харажатлар 204 минг сўм, 4 ойда эса жами 816 минг сўм бўлиши кутилмоқда.
Ушбу қўшимча ҳаражатларни қоплаш мақсадида 2025/2026 йилги иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун жорий йилнинг ноябрь ойида 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратиш режалаштирилган. Хусусан, у “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларга, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва “Камбағал оилалар реестри”га киритилмаган оилалардан “Маҳалла еттилиги” хулосаси асосида камбағалликка тушиш хавфи бўлган оилаларни қамраб олади.
Бунда “Маҳалла еттилиги” томонидан қўшимча рўйхат шакллантирилишида биринчи навбатда боқувчисини йўқотган оилалар, I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилалар, узоқ муддатли даволанишни талаб этадиган касалликлар билан касалланган шахслар яшовчи оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахслар, уч ва ундан ортиқ оила яшайдиган хонадонларда ҳамда газ таъминоти бўлмаган ва марказлаштирилган тартибда иситилмайдиган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар инобатга олинади.
Қўшимча рўйхатга киритиладиган оилалар сони тегишли маҳалладаги Реестрларга киритилган оилалар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги лозим. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 1,3 миллиондан ортиқ оилага 1 триллион 330 миллиард миқдорида бир марталик моддий ёрдам пуллари тўлаб берилади.
– Компенсация ёки бир марталик моддий ёрдамни олиш учун фуқаролар қаерга мурожаат қилиши керак? Ариза бериш тартиби қандай ташкил этилган?
– Компенсация олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар ҳамда реестрларга киритилмаган, мол-мулки бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, бироқ оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилалар ҳар ойнинг 15-санасига қадар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилишлари лозим. Бунда аризада паспорт маълумотлари, абонент рақами ва телефон рақами кўрсатилади.
Компенсация олувчи оилаларнинг мезонларга мослиги ҳар ойда автоматик ўрганилиб, мезонларга мос келган тақдирда кейинги ойлар учун алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда компенсация тўлови давом эттирилади.
Ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 27-санасига қадар АТ “Халқ банки” томонидан очилган банк пластик картаси орқали тўлаб беради. Агар ариза берувчининг номида банк пластик картаси мавжуд бўлмаса, АТ “Халқ банки”да унинг оила аъзолари номига очилган банк пластик картасига тўлаб берилиши мумкин.
Шунингдек, моддий ёрдам олиш учун “Маҳалла еттилиги” 1 октябрга қадар реестрларга кирмаган қўшимча рўйхатини шакллантиради ва 5 октябрга қадар ўрганиб чиқиш учун “Инсон” ижтимоий хизмат марказларига тақдим этади. “Инсон” ижтимоий хизмат марказлари қўшимча рўйхатини 20 октябрга қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали текшириб чиқади ва натижаси бўйича Маҳаллалар уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этади.
Маҳаллалар уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими якуний рўйхатни 25 октябрга қадар туман (шаҳар) ҳокимлигига тасдиқлатиб, “Инсон” ижтимоий хизмат марказига тақдим этади.
“Инсон” ижтимоий хизмат маркази 1 ноябрга қадар умумий рўйхатини шакллантириб, моддий ёрдам олувчи оилалар бўйича тўлов рўйхатларини шакллантиради ҳамда АТ “Халқ банки”га юборади. Шу тариқа, 27 ноябрга қадар моддий ёрдам олувчи оилаларга белгиланган тартибда бир марталик моддий ёрдам пулларини тўлаб беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zUEMW5rKGTg" title="Elektr va gaz toʼlovlarini qoplash uchun ehtiyojmand oilalarga 1 trillion 330 milliard soʼm" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА