Жорий йилнинг 20 май куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзсаноатқурилишбанк(SQB)нинг 2024 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида халқаро молия институтлари ва хорижий банклар билан амалга оширган ҳамкорлик лойиҳалари ва ресурс жалб қилишдаги натижаларга бағишланган брифинг ўтказилди.
Президентимиз томонидан ўтган йил 16 декабрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида банклар фаолиятида ташқи ресурсларни жалб қилиш, иқтисодий тажрибаларни кенгайтириш ҳамда инвестицион фаолликни кучайтиришнинг устувор аҳамияти алоҳида қайд этилган эди. Шу маънода, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасида муҳим қадамлар қўйилди.
– Хусусан, 2024 йил давомида 30 дан ортиқ халқаро молиявий институт ва хорижий банклар билан умумий ҳажми 1 млрд. 680 млн. АҚШ долларлик ресурс маблағлари жалб қилинди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Ахборот хизмати раҳбари – Бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Бозоров. – Ушбу маблағларнинг асосий қисми Европа ва Араб мамлакатлари, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа шу каби давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, ўтган йил банк томонидан ўнга яқин янги молиявий ташкилот билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Улар орқали жами 177,7 млн. доллар жалб қилинди.
Корпоратив, ўрта, микро ва кичик бизнес сегментларидаги 474 та лойиҳа молиялаштирилиб, 4235 та янги иш ўрни яратилди.
Муваффақиятли эмиссиялар ва янги имкониятлар
2024 йил июль ойида Ўзсаноатқурилишбанк Ўзбекистон банклари орасида илк бор Лондон фонд биржасида Reg S ва 144А форматларида халқаро облигацияларни муваффақиятли жойлаштирди. 400 млн. доллар ва 2,25 трлн. сўмлик ушбу эмиссия АҚШ, Европа ва бошқа стратегик бозорлардан янги инвесторларни жалб қилишга кенг йўл очди. Айниқса, 144А форматидаги облигациялар АҚШ каби глобал молия марказларида SQBбрендининг янада танилишига хизмат қилди.
Хорижий сармоя – саноат ривожи манбаи
Жиззах вилоятидаги “Basfiber Trade” корхонасига 11,5 млн. доллар миқдорида хорижий кредит линияси жалб қилинди. Лойиҳа доирасида юқори технологик тизим асосида ўзбек базальтидан тола ва мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Худди шундай, Фарғона вилоятидаги “Fergana Global Textile” учун ажратилган 12,8 млн. долларлик кредит эвазига тўқимачилик соҳасида янги қувватлар ишга туширилди. Лойиҳа нафақат ички бозор талабини қондиришга, балки экспорт йўналишидаги фаолликни оширишга ҳам ёрдам берди.
Бундан ташқари, телекоммуникация соҳасида “5G (Standalone)” тармоғини жорий этиш учун ҳам хорижий кредитлар жалб қилинди. Бу мамлакатимизда рақамли ислоҳотлар ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.
Ҳаракат ва натижа
2025 йилда банк томонидан умумий қиймати 900 млн. долларлик хорижий маблағларни жалб қилиш кўзда тутилган. Шу йилнинг 1 май ҳолатига кўра эса, қарийб 385 млн. долларлик кредит линиялар бўйича келишувларга эришилиб, ушбу даврга мўлжалланган режа 265 фоизга бажарилди. Мазкур маблағлар ҳисобига 180 та лойиҳа молиявий қўллаб-қувватланди, 1330 та янги иш ўрни барпо этилди.
Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликлари ва Францияга расмий ташрифлари доирасида ҳам банк мижозлари учун халқаро савдо операцияларини молиялаштиришда янги имкониятларэшиги очилди. “First Abu-Dhabi Bank” ва “Ал Аҳли” каби етакчи банклар билан салмоқли битимлар имзоланди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар SQB’нинг молиявий барқарорлиги ва халқаро рейтингларини янада яхшилашга хизмат қилади.
Банк ахборот хизмати