Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида шахмат бўйича ўтказилаётган “Sharjah Masters-2025” халқаро турнирининг ортда қолган 3-тур баҳсларида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Жаҳонгир Воҳидов билан куч синашди.
Дунёнинг етакчи шахматчилари қаторида эътироф этиладиган Аниш Гири, Пирхам Магсудлу сингари маҳоратлилар қатнашаётган халқаро турнирнинг Воҳидов-Абдусатторов “жанги” иштирокчилар қатори ишқибозлар диққат-марказидаги баҳс бўлди. Қизиқарли кечган ўйинда Абдусатторовнинг қўли баланд келди.

Ушбу турда мамлакатимиз шахматчиларидан Ортиқ Ниғматов оқ доналарда АҚШ вакили Варужан Акобян, Муҳиддин Мадаминов рейтингда ўзидан юқорида бораётган Абхижит Гуптадан устун келди.
Бугун, 20 май куни ўтказиладиган 4-тур ўйинлари остонасида “Sharjah Masters-2025” халқаро турнирининг “А” гуруҳида 82 нафар иштирокчи орасида 5 нафари 3 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, улар орасида терма жамоамиз аъзоси Ортиқ Ниғматов ҳам бор.

Турнирда қатнашаётган 23 нафар шахматчи 2 очко билан пешқадамларни таъқиб этмоқда.
Мамлакатимиз шахматчиларидан Нодирбек Абдусатторов 2 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 26-ўринда, Муҳиддин Мадаминов 1,5 очко билан 43, Жаҳонгир Воҳидов 1 очко жамғарган ҳолда 64-қаторда бормоқда.
Бугун ўтадиган 4-турда шахмат ишқибозлари “Sharjah Masters-2025”да яна ўзбеклар қарама-қаршилигидаги курашга гувоҳ бўлишади. Бу сафар Ортиқ Ниғматов-Нодирбек Абдусатторов қарама-қаршилигидаги “ақл жанги” турнирга ўзгача жозиба бахш этади.

Кучлилар билан муносиб ўйин намойиш этиб келаётган Муҳиддин Мадаминов(2520) мазкур турда қора доналарда рейтинг бали бўйича ўзидан анча юқорида жойлашган Бирлашган Араб Амирликлари вакили Салих Салим(2631) билан рўбарў келади.
Турнирнинг “Б” гуруҳида иштирок этаётган 142 нафар шахматчи қаторида ўзбекистонлик 6 нафар ёш шахматчи дона сурмоқда.
Ушбу гуруҳда 5 нафар иштирокчи 3 очко билан етакчилик қилаётган бўлса, 20 нафар шахматчи 2,5 очко билан пешқадамларни таъқиб этмоқда. 2,5 очкога эга бўлган қатнашчилар орасида Ўзбекистон вакилларидан Даврон Шарипов ҳам бор бўлиб, ҳамюртимиз қўшимча кўрсаткичларга кўра 19-поғонани эгаллаб турибди.
9 та турдан иборат бўлган халқаро турнир 26 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА