Бугунги кунда Навоий вилоятида туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, ҳудудларнинг имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланган ҳолда туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида Қизилтепа тумани Тўдакўл сув ҳавзаси атрофида туризм зоналар барпо этиш борасида босқичма-босқич чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Тўдакўл сув омбори атрофида 2020-2024 йилларда хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан умумий қиймати 50 миллиард сўмлик 11 та лойиҳа ишга туширилиб, кунига 2000 нафар сайёҳ қабул қилиш имконияти яратилган, – дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Худойбердиева. – Бугунги кунда Тўдакўл сув ҳавзаси атрофида умумий лойиҳа қиймати 20,2 миллиард сўм бўлган иккита дам олиш маскани фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, “Тўдакўл” туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш ҳамда сувда дам олиш ва соҳил бўйи (пляж) туризмини ривожлантириш орқали сув ҳавзаси атрофидаги ҳудудларнинг мавжуд туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитларни яратиш, халқаро умуммавсумий курортлар, меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини ошириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Тўдакўл” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилгандан кейин 90 гектар ер майдонида бир вақтнинг ўзида 7000 нафар сайёҳга хизмат кўрсатувчи умумий қиймати 390 миллиард сўм бўлган меҳмонхоналар мажмуаси, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектлари барпо этилади. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 1550 та янги иш ўрни яратилади.
[gallery-23433]
Янги иш бошлаган дам олиш маскани лойиҳа қиймати 9 миллиард сўм бўлиб, 10 та 4 ўринли кемпинг, 80 дан ортиқ кунлик фойдаланиш учун сўрилар ҳамда соҳил бўйида дам олиш, чўмилиш имкониятлари мавжуд. 2026 йилда эса яна 50 ўринли меҳмонхона, сауна ва бассейн ишга туширилиши режалаштирилган.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари