Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро ўзининг “Malibu-2” русумли автомашинасини фуқаро И.А. (1994 йили туғилган) томонидан сотиб юборилгани ва пулларини ўзлаштиргани юзасидан ИИБга мурожаат қилди.
Шундан сўнг терговга қадар текширув ишлари олиб борилди. Мазкур жараёнда фуқаро И.А. жорий йил февраль ва апрель ойларида олдиндан режалаштирилган кўплаб шахсларнинг ишончини суиистеъмол қилгани, автомобиллар ва йирик миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани фош бўлди.
Жумладан, у турмуш ўртоғи номига гўёки бизнес бошлаш мақсадида тижорат банкидан 223,8 миллион сўм онлайн кредит расмийлаштирган ва ўз эҳтиёжларига ишлатган. У 1982 йили туғилган эркакдан 2 минг 600 доллар ва “Lasetti” автомобилини олиб, учинчи шахсга арзон нархда сотиб юборган. Борган сари фирибгарнинг қўлига осон пул тушавериши унинг бу каби қилмишларни яна кўпроқ қилишга ундаган бўлса, ажабмас.

У энди яна бир фуқаронинг “Matiz” русумли автомобилини вақтинча фойдаланишга олиб, бошқа шахсга 1 минг 700 долларга пуллаган. Шу орада таниш аёл ижарага олган “Lasetti”га ҳам харидор топиб сотган.
Бу ҳам етмаганидек, 1992 йили туғилган аёлнинг “Tracker-2” автомашинасига “чехол” олиб беришни айтиб, олиб кетган ва сотиб юборган. Ўрнига ўхшаш русумдаги бошқа машинани қайтарган ҳамда шу аёл номига 84,3 миллион сўмлик кредит олиб, пулларни ишлатиб юборган.
У бу қилмишлари билан чекланмасдан, 1988 йили туғилган эркакнинг арзон нархда автомобиль олишга кўмаклашмоқчи бўлиб, ундан 500 доллар ва шахсий ҳужжатларини олиб кетган. Тергов давомида айбланувчи И.А. ўзлаштирган автомобилларни эҳтиёт қисмларга ажратиб, сотиб юборган. Унга Наманган вилоятида яшовчи икки нафар автомеханик кўмаклашган. Улар билан бирга кузов ва двигатель рақамларини махсус ускуна орқали қалбакилаштирган.

Кўздан кечириш жараёнида далилий ашё сифатида учта автодвигатель, қалбаки кузов ва мотор рақамлари, компьютер ва бошқа ускуналар, кесилган ҳолдаги автомобиль олд қисми, нашриёт номи кўрсатилмаган 20 дона диний мазмундаги китоб олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан И.А. ва барча гумондорларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА