Сингапурда бадиий гимнастика бўйича ўтказилган Осиё чемпионати якунланди. Унда Ўзбекистон ўсмирлар ва катталар терма жамоаси умумий ҳисобда 4 та олтин, 6 та кумуш ва 4 та бронза медалига эга чиқди.
Катталар ўртасида Тахмина Икромова ҳалқа ва булавада, Анастасия Саранцева тўпда, Мумтозабону Исҳоқзода, Иродахон Содиқова, Эвелина Атальянц, Амалия Мамедова, Мафтуна Зоировадан иборат жамоамиз тасмада машқ бажаришда олтин медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, Наталья Усова тасмада, 3 тўп ва 2 ҳалқадаги гуруҳ баҳсларида эса терма жамоамиз кумуш медални қўлга киритди.
Ушбу мусобақада иккита олтин билан чекланмаган Тахмина Икромова тўпда машқ бажаришда бронза медалини терма жамоамизга келтирган бўлса, ҳалқадаги баҳсларда Анастасия Саранцева кучли учликдан жой олди.

Ўсмирлар орасида Виктория Никифорова ҳалқа, София Усова тўп ва тасмада машқ бажаришда кумуш медалга сазовор бўлди. 5 та ҳалқадаги гуруҳ баҳсларида эса Алана Ҳафизова, Милана Сафина, Жасмин Яхлакова, Ёсина Жўраева, Замира Хвальчевадан иборат термамиз иккинчи поғонага кўтарилди. Ушбу жамоамиз 5 жуфт булава гуруҳ беллашувларида бронза медалига эга чиқди. Яккаликлар ўртасидаги булавада машқ бажаришда Виктория Никифорова шоҳсупанинг учинчи ўрнига кўтарилди.
Мазкур натижалардан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси август ойида Бразилияда ташкил этиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА