Кеча Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида “Sharjah Masters-2025” халқаро турнири бошланди.
Дунёнинг энг кучли 82 нафар шахматчилари қаторида турнирнинг “Masters A” гуруҳида ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов биринчи рақамли иштирокчи сифатида таснифланган. Маҳоратли шахматчиларимиздан Жаҳонгир Воҳидов 46, Муҳиддин Мадаминов 56, Ортиқ Нигматов 80-тартиб рақамда тасниф этилган.

Халқаро турнирнинг “Б” гуруҳида 142 нафар шахматчи дона сураётган бўлса, улар орасида 6 нафар ўзбекистонлик “ақл гимнастикаси” соҳиблари ўз омадини синовдан ўтказишга киришган.

Кеча умумий мукофот жамғармаси 73 минг АҚШ долларидан иборат “Sharjah Masters-2025” турнирининг илк тур мусобақалари бўлиб ўтди.

Етакчи шахматчиларимиздан Нодирбек Абдусатторов 1-турда қора доналарда ҳиндистонлик Сетураман билан, Муҳиддин Мадаминов оқ доналарда хитойлик Сюй Сянъюй билан, Ортиқ Негматов оқ доналарда ҳиндистонлик Ананд Пранав билан дурангга эришган вазиятда Жаҳонгир Воҳидов оқ доналарда ҳаракатланишига қарамай эронлик Амин Табатабаига имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун, 18 май куни халқаро турнирнинг 2-тур ўйинлари ташкил этилади. Унда Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Миттал Адитай билан куч синашади.
Шунингдек, терма жамоамиз аъзоларидан Муҳиддин Мадаминов қора доналарда грециялик Николас Теодору билан, Ортиқ Негматов қора доналарда ҳиндистонлик Санкалп Гупта билан, Жаҳонгир Воҳидов қора доналарда сербиялик Теодора Иньяк билан рўбарў келади.
9 та турдан иборат “Sharjah Masters-2025” халқаро турнири 26 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА