Бугунги кунда республикамизда иқтидорли ёшлар ва мутахассисларни хориждаги нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олиши ҳамда давлат хизматчиларини ўқитиш ва стажировкасини ташкил этиш орқали уларнинг касбий кўникмалари, билими ва тажрибасини янада ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилди.
2025 йил 1 сентябрдан иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва бошқа йўналишларда жамғарма маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировка дастури амалга оширилади.
Ҳар йили 1 февралга қадар вазирликлар, идоралар ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёжлар тўғрисида лавозим ва йўналишлар кесимида, танланган номзодларнинг стажировкасини ташкил қилиш мумкин бўлган хорижий ташкилотлар ва стажировка муддати бўйича асослантирилган маълумотларни ҳамда стажировкани тамомлагач номзодлар бажарадиган вазифалари ва эришиши лозим бўлган мақсадли кўрсаткичлар рўйхати Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этади.
Тармоқ йўналишлари бўйича стажировка дастурининг мамлакатлар кесимидаги квоталари ҳар йили вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари маълумотлари ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг таклифлари асосида жамғарма Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади ҳамда ҳар йили 1 апрелга қадар Агентлик томонидан ўтказиладиган танлов натижалари асосида ғолиблар аниқланади.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан хорижий нуфузли таълим, илмий ва бошқа ташкилотларининг бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун энг муносиб номзодларни саралаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эл-юрт умиди” стипендияси жорий этилади. Ушбу стипендия ғолиблари очиқ танлов асосида тест синовлари ва суҳбат ўтказиш орқали аниқланади. Тест синовларида номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва креативлик қобилиятлари, психологик барқарорлиги баҳоланади.
Бакалавриат, бўйича QS (Quacquarelli Symonds) ҳамда магистратура ва докторантура бўйича THE (The Times Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотларининг глобал рейтинги натижаларига кўра:
- биринчи 100 таликка киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурлари бўйича ўқиш харажатлари (tuition fee) тўлиқ қопланадиган грант асосида қабул қилинган номзодларга жамғарма стипендиялари танловларсиз ажратилади;
- биринчи 300 таликка киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига қабул қилинган номзодларга халқаро транспорт ва тураржой харажатлари учун жамғарма стипендиялари танловларсиз ажратилади;
- биринчи 20 таликка киритилган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқиш харажатлари (tuition fee) камида 50 фоиз қопланадиган грант асосида қабул қилинган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари битирувчиларига жамғарма стипендиялари танловларсиз ажратилади.
Мақсадли стажировкани ўтаган мутахассислар ва ўқишни якунлаган стипендиатларнинг қайтганидан сўнг, хорижда олган илғор назарий билим ва тажрибаларини амалиётга жорий этиши ҳамда хизмат бўйича ўсишига зарур шароитлар яратиб боришга тегишли вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари ва бошқа иш берувчи ташкилотлар раҳбарлари масъул ҳисобланади. Мазкур жараёнлар Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади ва мониторинг қилиб борилади.
Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, мамлакат истеъдодли ва салоҳиятли ёшлари билан қудратлидир.
Шу маънода Президентимиз ташаббуси билан навқирон авлодни замонавий ва креатив фикрлайдиган, юқори интеллектуал салоҳиятга эга, иқтидорли, илм-фан, ишлаб чиқариш, саноат соҳаларига инновацион ғоя ва технологиялар олиб киришга қодир мутахассис қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда биргина Навоий вилоятидан “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 34 нафар стипендиатлари АҚШ, Буюк Британия, Италия, Австралия, Хитой, Россия федерациясининг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олишаётган бўлса, 40 дан ортиқ малакали мутахассислар эса вазирлик ва идоралар, олий таълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларида самарали фаолият юритмоқда.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таҳсил олиш ҳамда стажировка ўташ бахти насиб этган ёшларимизга давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишига албатта ишонамиз.
Зафар Султонов,
Давлат хизматини ривожлантириш Агентлигининг
Навоий вилоят филиали раҳбари.
ЎзА