18 май – Халқаро музейлар куни
Ўтмишни ёдга олишни истаган одам музейга боради. Чунки, музейларда ким бўлганимизни, аждодларимиз қандай яшаганини бизга эслатадиган маънавий-маърифий хазиналар бор. Бу хазиналарнинг йиллар ўтгани сайин қиймати ошиб бораверади.
Хўш, бугун Ўзбекистонда нечта музей фаолият олиб боряпти. Уларнинг қанчаси давлат, қанчаси уй музейлари? Одамларни музейларга кўпроқ жалб этиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?
Шу каби саволларимизга Ўзбекистон тарихи давлат музейи илмий ходими Мўътабар Ўролова жавоб берди:
— Бугунги кунда юртимизда 140 га яқин музей фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон тарихи давлат музейи – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг йирик илмий текшириш ва маданий-маърифий муассасаси сифатида 1876 йилда ташкил топган. Унинг захира фондларида 300 мингдан ортиқ осори атиқалар сақланиб келинмоқда.
2023 йил 1 январдан бошлаб музейлар соҳасида электрон шаклдаги хизматларни ташкил этиш, Туркия, Хитой, Франция, АҚШ каби давлатларнинг илғор тажрибаларини Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича таклифларни, ўзига хос бренд ва савдо белгиларини, ноёб музей ашёлари нусхаларини ишлаб чиқиш, савдо майдонлари ташкил этиш учун жой ажратиш ва фаолиятини йўлга қўйиш ишларини жадаллаштириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Музейларда бугунги кунда янги билим ва тажрибага эга кадрларга эҳтиёж ортмоқда. Музейлар таркибига ихтисослаштирилган мутахассислардан тарихчи, санъатшунос, биолог, химик, иқтисод каби соҳа вакиллари билан бирга, менежмент ва маркетинг бўйича билим ва кўникмаларга эга кадрларни жалб этиш муҳим.
Айнан 18 май куни юртимиздаги барча музейларнинг томошабинларга бепул хизмат кўрсатиши, махсус кўргазмалар ва театрлаштирилган томошаларнинг юксак савияда ташкил этилиши байрам шукуҳини оширибгина қолмай, ёшу кекса томошабинларга бир олам завқ ҳадя этиши билан ҳам эътирофга моликдир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ESRkh3pd_bs?si=nvpx7q1iyw2iSXMA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Ёқубжон Мелибоев (видео),
Анвар Аҳмедов (монтаж),ЎзА