Бугун, 17 май куни мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт тизимига ўзгача шукуҳ олиб кириши кутилаётган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” оммавий спорт мусобақалари бошланади.
Уч босқичдан иборат спорт ўйинларининг илк мусобақалари минтақаларда ташкил этилади.
Унда ўзбек спортининг келажаги бўлган 15-17 ёшли навқирон авлод вакиллари дзюдо, бокс, таэквондо WT, оғир атлетика, юнон-рум кураши, эркин кураш, енгил атлетика, стол тенниси, бадиий гимнастика, 3х3 баскетбол йўналишларида баҳсларга киришади.

Миллий спортимизни юксалтиришнинг янги бурилиш нуқтаси бўлган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари турли спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар учун иқтидорли ёшларни саралашда катта танлов майдони бўлиши билан бирга, юртимизда оммавий спорт тарғиботини кучайтиришга мустаҳкам замин яратади.
Куни кеча Миллий олимпия қўмитасида ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланганидек, мусобақаларда белгиланган ёш тоифасидаги исталган ўғил-қизлар иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ва Миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Шерзод Тошматов нега айнан мазкур спорт турлари танлаб олингани, рўйхатдан ўтиш тартиби, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш, тегишли имтиёзлар масаласи, мусобақаларни ташкил этиш жараёнлари хусусида сўз юритди.
Айтиш лозим, жорий йил февраль ойида давлатимиз раҳбари раислигида Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур масаланинг туб моҳияти ўзбек спортининг янги авлодини камолга етказиш билан бир қаторда, миллий генофондни соғломлаштиришга қаратилгани айтиб ўтилган эди.
Видеоселектор йиғилишида Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва йўналтириш учун ўзига хос “селекция базаси”ни вужудга келтириш учун илғор хорижий тажриба ва чуқур илмга асосланган методика яратиш, ҳудудларда олимпия спорт турлари бўйича “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларини ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш, унинг финал мусобақаси - “Президент Олимпиадаси”ни йил якунида Тошкентда ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Бугун бошланаётган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари оммавий спорт тарғиботини кучайтиришга, юзлаб ёшлар қалбида “мен ҳам чемпион бўламан”, деган шижоатни жонлантириши билан эътиборли.
“Соғлом инсон – соғлом миллат” умуммиллий ҳаракатининг бир бўғини бўлиб катта майдонга кириб келган ўзига хос спорт байрами - “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари қизғин ўтиши шубҳасиз.
Келажакда мазкур спорт тизимида тобланган, юрт олқишини олган юзлаб ёш спортчиларимиз Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашитов, Акбар Жўраев, Ҳасанбой Дўсматов, Элдор Шомуродов, Светлана Осипова, Диёра Келдиёровадек жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларида Ватан довруғини дунёга достон этса, не тонг.
Т.Рўзиев,
ЎзА