Бугунги ахборот асрида инсоннинг руҳий оламига таъсир қилувчи ташқи омиллар кўпайди. Айниқса, ижтимоий тармоқлардаги шов-шувли, эшитган одамни ваҳимага соладиган хабарлар нафақат ёш болалар, балки катталар руҳиятига ҳам таъсир этаётгани бор гап. Ҳар қандай ташқи ахборот хуружига қарши одамларда ҳам ҳимоя иммунитети бўлиши зарур. Яъни ғояга қарши ғоя билан жавоб берилсагина, муаммонинг илдизи чуқурлашмайди.
Бу борада кўпроқ масъулият юртимизда фаолият олиб бораётган психолог кадрлар зиммасига тушади. Психологик касалликларга чалинган беморлар билан ишловчи психолог ҳамда психиатрлар учун халқ орасида тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишларини олиб бориш тизими йўлга қўйилди.
Миллий гвардия Қашқадарё вилояти бўйича бошқармасида “Шахс фаолиятига таъсир этувчи психологик омиллар” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Учрашувда вилоят куч тузилмалари ҳарбий хизматчи ва ходимлари, туман ва шаҳар психологлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, амалиётчи психологлар, Республика илмий-амалий психологик маркази ходимлари ҳамда руҳий-асаб касалликлари диспансери психиатр-шифокорлари ва психологлари иштирок этишди.
Тадбир давомида инсон фаолиятига салбий ёки ижобий таъсир кўрсатадиган психологик омиллар, стресс ва зўриқиш ҳолатларининг олдини олиш, руҳий саломатликни сақлаш бўйича самарали усуллар муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан амалий машғулотлар ўтказилиб, иштирокчиларга керакли тавсиялар берилди.
— Биз кўпроқ турли психологик касалликлар, руҳий тазйиқ ёки зўравонликларга учраган хотин-қизлар, болалар билан ишлаймиз, —дейди психолог Нозима Носирова. —Жорий йилнинг бошидан ҳамкасбларим билан барча вилоятлар бўйлаб тарғибот тадбирларини ўтказиб келяпмиз. Тадбир давомида ҳам, тадбирдан сўнг ҳам камида 10-15 нафар одамлар биз билан якка тартибда мулоқот қилишади. Уларга руҳий зарбаларга қарши қандай курашиш йўлларини ўргатамиз. Бугун одамларда ўзини-ўзи ҳимоя қилиш иммунитети анча кучайди. Демак, меҳнатларимиз ўз самарасини беряпти.
Шунингдек, учрашув якунида иштирокчиларга нафақат назарий билимлар, балки амалий кўникмалар ҳам етказилди. Руҳий саломатлик, профессионал фаолиятда психологик барқарорликни таъминлаш бугунги кунда долзарб масалалардан бири экани яна бир бор тасдиқланди.
Бундай тадбирлар тизимли равишда ўтказилиши соҳа ходимларининг психологик тайёргарлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/53cFVTrjTVo" title="Ruhiy salomatlikni saqlashda samarali usullar muhokama qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, ЎзА