Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг 57-58 фоизи, Ўзбекистон аҳолисининг эса ярмидан кўпи шаҳарларда яшайди. Ўтган йиллар давомида юртимиз шаҳарлари янгича қиёфа касб этиб, халқаро даражадаги тадбирлар мезбонига айланди. Биродар шаҳарлар концепцияси – бу глобал дунёда ўзаро тушуниш, ҳамкорлик ва умумий ривожланишга хизмат қилувчи муҳим платформа. Ўзбекистон шаҳарлари учун ҳам бу тизим жаҳонга интеграциялаш ва миллий имкониятларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистонда халқаро шаҳарлар ҳамкорлиги йўлида муҳим қадам қўйилди. Яъни, Ўзбекистон “Биродар шаҳарлар альянси” ўз фаолиятини расман бошлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасида мазкур альянс ташкил этилгани муносабати билан тақдимот ўтказилди.
Тақдимотда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, “Ватандошлар” жамоат фонди, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистонда “Биродар шаҳарлар альянси” халқаро ҳамкорлик ва маданий алмашинувни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслардан бири. Ушбу ташаббус Янги Ўзбекистоннинг очиқлик, тараққиёт ва жаҳон ҳамжамияти билан яқин ҳамкорликни кучайтириш тамойиллари ифодасидир.
– Альянснинг асосий мақсади – Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар шаҳарлари ўртасидаги дўстона алоқаларни “халқ дипломатияси” асосида мустаҳкамлаш, маданият, таълим, иқтисодиёт, туризм, экология ва инновациялар йўналишларида амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон Миллий университети доценти Отабек Алимардонов. —Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирда Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ҳудудлари ўртасида 71 та биродарлик алоқалари ўрнатилган.
Альянс доирасида амалга ошириладиган устувор йўналишларнинг энг асосийлари шаҳарлар ўртасида доимий мулоқот ва ҳамкорлик платформасини яратиш, қўшма маданий ва таълим лойиҳаларни амалга ошириш, туризм, ҳунармандчилик ва маҳаллий брендларни ривожлантириш, ёшлар ва мутахассисларга тажриба алмашинув дастурларини ташкил этишдан иборат. Альянс Ўзбекистоннинг халқаро имижини янада ошириш, шаҳарларимизни дунё билан боғлаш ва халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, халқлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва англашувни кучайтиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IhXKnr9NDLY" title="O‘zbekistonda “Birodar shaharlar alyansi” tuzildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, ЎзА