“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларга банк мижозлари учун бир қатор янги лойиҳа ва хизматларнинг тақдимот маросими ўтказилди.
Унда банк Бошқаруви раҳбарияти, таркибий тузилмалар масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда қайд этилишича, банк секторида сўнгги йилларда ҳаётга татбиқ этилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида энг аввало, мижозлар замонавий банк хизматларидан баҳраманд бўлмоқда. Банклар томонидан жозибали, қулай ва тезкор хизматлар таклиф этилиши кучли рақобат муҳитини шакллантирмоқда.
Бизнесни ривожлантириш банки “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурининг асосий таянч банки сифатида бизнесни қўллаб-қувватлашга, хусусан, қурилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун янада қулай шароитлар яратишга интилмоқда.
Тадбирда дастлаб тадбиркорлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, фаоллар олдида қурилиш соҳасида факторинг хизматлари афзалликлари ва уни ривожлантириш истиқболларига оид маълумотлар тақдим этилди. Жумладан, тадбиркорларнинг айланма маблағлар билан таъминланишида факторинг молиявий инструментининг аҳамияти ҳақида банкнинг Кичик бизнес департаменти томонидан тақдимот ўтказилди.
[gallery-23397]
2024 йилнинг 12 августида қабул қилинган “Факторинг хизматлари бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилмоқда. Фармон ижроси доирасида тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш, кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш, имкониятларини ошириш мақсадида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан факторинг хизмати йўлга қўйилган.
Факторинг – хўжалик юритувчи субъектлар (етказиб берувчилар)ни молиялаштиришга доир банк хизматларидан бири бўлиб, бунда улар банк (молия агенти)га етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки хизматлар учун тўловчилар томонидан аксептланган, лекин тўлов талабномалари бўйича тўлов қилинмаган тўловни, регресс ҳуқуқисиз олиш ҳуқуқи.
Тадбирда банк масъуллари томонидан тадбиркорлар ўртасидаги молиявий муносабатларда факторинг хизматидан фойдаланиш шартлари ва аҳамияти хусусида батафсил маълумот берилди. Жумладан, товар ёки кўрсатилган хизматлар учун тўловни анъанавий ҳамда факторинг инструменти орқали амалга оширишнинг фарқлари мисоллар асосида кўрсатиб берилди.
– Факторинг хизмати тадбиркорлар учун жозибадор молиявий инструмент ҳисобланади, – дейди “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ департамент директори ўринбосари Жасур Маҳмудов. — Факторинг хизмати тадбиркорларнинг пул маблағлари айланмасини тезлаштиради, хўжалик юритувчи субъектлар учун хавфни камайтиради, тўлов интизомига риоя қилишни таъминлайди. Энг муҳими, қисқа муддатли кредит маблағларига бўлган эҳтиёж ўрнини қоплайди. Шунинг учун факторинг бозори иқтисодиётимизда драйверига айланди.
– Ушбу банкдан факторинг хизматидан фойдаландик, — Бу хизмат тадбиркорлар учун жуда қулай, — дейди тадбиркор Феруза Қодирова. — Масалан, етказиб берувчи мижозга хизмат ёки товар етказди, аммо ҳали тўлов қилинмаган. Бу вазиятда банк ёки факторинг компаниялари ёрдамга келади. Улар қарзнинг (камида 80-90 фоизини) тўлаб берадилар, мижоз эса кейинчалик белгиланган муддатда қарзни банкка қайтаради. Бунда 2,5 фоиздан 10 фоизгача бўлган дисконт, яъни банк томонидан молиялаштирилган сумма билан шартнома бўйича тўлов талабномаси суммаси ўртасидаги фарқ банк ҳисобида бўлади.
Мазкур хизматдан бюджет ташкилотлари ва жисмоний шахслар, зарарга кирган корхоналар фойдалана олмайди.Ушбу хизмат бир календар йилида 1 миллиард сўмдан 100 миллиард ва ундан кўп даромад қилувчи тадбиркорлик субъектларига қисқа
муддат – 120 кундан 12 ойга қадар кўрсатилади. Факторинг маблағи миқдори тўловчи (дебитор)нинг жами 12 ойдаги даромадининг 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда берилади. Бунда кичик субъектлар учун 1 миллиард сўмгача, ўрта бизнес субъектлари учун 5 миллиард сўмгача, корпоратив бизнес субъектлари учун 10 миллиард сўмгача этиб белгиланган.
Тақдимотлар орқали факторинг хизматининг қулайликлари, кредит хизматидан фарқлари ҳақида ҳам батафсил тушунтириш берилди.
Тадбир доирасида банк томонидан кўрсатилган молиявий хизматлар натижасида ўз фаолиятини кенгайтирган мижозлар билан мулоқот ҳам бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлар томонидан ўтган давр мобайнида банк молиявий кўмагида амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирнинг яна бир аҳамиятли қисми бу банк томонидан хизмат кўрсатилиши ёки молиялаштирилиши кутилаётган тадбиркорлик субъектлари билан ҳам давра суҳбати ўтказилгани бўлди.
Суҳбат давомида мижозларга лойиҳаларни молиялаштириш бўйича мавжуд хизматлар таклиф этилди. Тақдимот ва хизматлар юзасидан тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга банк масъул ходимларидан жавоб олдил.
Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА