ФОТОРЕПОРТАЖ
Кўклам тўнини кийган Боботоғ тоғлари баҳорнинг сўнгги ойиданоқ яшиллигини йўқотади. Сабаби, манзилда чашма ва булоқлар йўқ. Кўзни қувнатувчи майсалар қуриб, атрофни қуёш қиздирса-да, илдизи қуримайдиган коврак ҳамда писта дарахти бу ерда деярли ҳар қадамда учрайди.
Маҳаллий аҳолининг даромад манбаи ҳам айнан пистачилик, чорвачилик, ва ковракчилик ортидан. Бепоён Боботоғ бағридан фойда олишга одатланган юртдошларимиз манзилда 10 минг гектар коврак плантацияларини ташкил қилиб, бугунги кунда ушбу доривор ўсимликни кўпайтириш чораларини кўрмоқда.
– Коврак кам меҳнат талаб этадиган ва сувсизликка ўта чидамли ўсимлик, – дейди улардан бири, 70 ёшли Маҳмаражаб Каримов. – Ҳосилга киргач, бир туп коврак кўчати 300 граммгача доривор маҳсулот беради. Шу ҳисобда агар 6 минг туп коврак кўчатидан 180 килограмм ҳосил олсак, оиламизга 200 миллион сўмдан ортиқ қўшимча даромад келади. Яна бир аҳамиятли тарафи, унинг барги ва гули, илдизи ҳам шифобахш.
[gallery-23395]
Жаҳонда дориворлиги жиҳатидан Женьшень ўтига тенглаштирган. Шунинг учун замонавий фармацевтика саноатида унга талаб ошиб, дунё бозорида харидоргир бўлиб бормоқда. Ковракнинг дунёда 170 дан ортиқ тури учрайди. Мамлакатимизда асосан сассиқ коврак (Ferula assa-foetida) кенг тарқалган бўлиб, шифобахш шира шу турдаги ўсимликдан олинади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА