Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги “Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси қандай таъминланади?
АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида фармон ижроси билан боғлиқ масалалар ҳақида гап борди.
Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда янги қабул қилинган фармон мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат экани қайд этилди.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ректори Жасур Солиҳов академия олдида турган устувор мақсад ва вазифалар тўғрисида маълумот берди. Фармоннинг асосий мақсади инсон капиталини ривожлантириш, ватанпарвар, коррупцияга муросасиз, юқори салоҳиятли ва замонавий кўникмаларга эга раҳбар кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан янгилашдан иборат. Шунингдек, ушбу кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни давлат бошқаруви тизимига самарали жалб этишнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Фармоннинг ижросини таъминлаш доирасида Академия таълимда сифат ва мазмунни янгилаш, миллий қадриятларимиз асосида кадрлар учун замонавий профессионал компетенциялар ишлаб чиқиш бўйича иш олиб боради.
Миллий кадрлар захирасидаги 350 нафар номзод учун қайта тайёрлаш стандартлари жорий этилади. Илмий-амалий лабораториялар ва симуляцион хоналар ташкил этилади. Давлат бошқарувидаги муаммоларни таҳлил қилиш ва ечим топишга хизмат қилувчи тадқиқот марказлари ишга туширилади. Симуляция орқали амалий кўникмаларни шакллантириш учун реал машғулотлар ўтказилади. Кейс-стадилар базаси яратилиб, таҳлил ва тадқиқот маркази ўқув жараёнида қўлланилади.
Магистратура фаолияти такомиллаштирилади. Халқаро стандартлар асосида икки босқичда 5 та магистратура дастури йўлга қўйилади. Хорижий фуқаролар учун магистратура ва қайта тайёрлаш дастурларига қабул очилади.
Илмий ва халқаро ҳамкорлик кучайтирилади. Илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилади. Халқаро профессорлар, сиёсатчилар, иқтисодчилар иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилади. Халқаро академик маслаҳат кенгаши жалб этилади, грантлар билан иш олиб борилади.
Ташкилий ислоҳотлар ва салоҳиятни оширишга қаратилган ишлар амалга оширилади. Профессор-ўқитувчилар ва кадрлар салоҳияти баҳоланади ва қайта шакллантирилади.
Академия моддий-техник базаси янгиланади. Тижоратлаштириш, ресурслардан фойда олиш ҳамда маҳаллий олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар ишлаб чиқилади.
KPI ва SOP тизими ишлаб чиқилиб, натижадорлик оширилади. Қисқача айтганда, бу фармон Академияни янги босқичга олиб чиқувчи, давлат бошқарувида сифат, самара ва тажрибага асосланган янги модель сари етакловчи стратегик ҳужжатдир.
Фармонга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб “Ҳудудларни комплекс ривожлантириш”, “Давлат бошқаруви”, “Инсон ресурсларини ривожлантириш” магистратура мутахассисликлари бўйича, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “Давлат сиёсати” ва “Давлат молиясини бошқариш” магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Номзодликка давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг тавсиясига биноан қабул қилинади. Номзод олий маълумотли, 2 йил бошқарув лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
Қоида тариқасида Миллий кадрлар захирасига киритилган давлат хизматчилари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ва тадбиркорлик субъектлари ходимлари орасидан танлов ўтказиш орқали амалга оширилади.
Давлат буюртмаси бўйича ўқитиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
[gallery-23393]
Бундан ташқари, “Раҳбар аёллар”, “Келажак лидерлари”, “Тизимли таҳлил ва стратегик режалаштириш”, “Инвестицияларни жалб этиш” каби қисқа муддатли қайта тайёрлаш курслари ҳам ташкил этилади.
Матбуот анжуманида Академия, Жамғарма ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги – ягона кластерга айлангани ҳақида маълумот берилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА