“Микрокредитбанк” ташаббуси билан “Арда Хива” туристик мажмуасида “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичи доирасида учрашув ташкил этилди.
Унинг асосий мақсади ишсиз хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш ва амалий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлди.
Тадбирда банк бошқарув раиси ўринбосари Шаҳло Иброҳимова, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева, вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидан келган 100 нафар “Аёллар дафтари” рўйхатидаги хотин-қиз, 10 нафар фаол тадбиркор аёл, маҳаллий ҳокимият ва банк вакиллари иштирок этди.

Учрашув расмий эмас, балки самимий ва руҳлантирувчи муҳитда ўтди. Шаҳло Иброҳимова ўз нутқида хотин-қизларнинг тадбиркорликдаги иштироки нафақат оила фаровонлиги, балки жамият барқарорлиги учун ҳам катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, банк томонидан яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида сўз юритди. Иштирокчиларни улардан фаол фойдаланишга чорлади.
Тадбир давомида тадбиркор аёллар ўз ҳаёт йўллари, ютуқлари ва юзага келган муаммолар ҳақида самимий тарзда ўртоқлашишди. Ушбу тажрибалар кўплаб иштирокчилар учун илҳом манбаи бўлди.
Тадбирнинг амалий қисмида “Аёллар дафтари”нинг иккинчи тоифасидаги хотин қизлар учун “Микрокредитбанк”нинг имтиёзли кредит дастурлари, молиявий саводхонлик асослари ва тадбиркорликни бошлаш қадамлари ҳақида қисқа ва аниқ маълумотлар тақдим этилди.

Тадбирнинг эътиборга молик жиҳати шунда бўлдики, банк молиявий кўмагида ўз фаолиятини бошлаган тадбиркор аёллар «Аёллар дафтари» рўйхатида турган аёлларни ишга таклиф этишди. Учрашув чоғидаёқ 15 нафар иштирокчи аёл билан ишга қабул қилиш бўйича меҳнат шартномалари имзоланди.
Бу тадбир илҳом манбаига айланиш билан бирга, аниқ ижобий натижаларга эришилаётган амалиёт эканини кўрсатди.
«Микрокредитбанк» томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда. Президент ташаббуси билан банк тизимида аёллар учун янги молиявий хизматлар жорий этилмоқда. 2025 йил 1 май ҳолатига кўра, 912 миллиард сўмлик кредитлар орқали юртимизда 41 минг 525 нафар аёл тадбиркорликка жалб қилинган бўлиб, шундан 8 минг нафаридан зиёди Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Бу учрашув яна бир бор шунга яққол мисол бўлдики, хотин-қизлар меҳнатга, тараққиётга ва ўз ҳаётини ўзгартиришга тайёр. Уларга фақат ишонч ва бироз кўмак керак. “Микрокредитбанк” эса ушбу ёрдамни тизимли равишда кўрсатиш, тадбиркорлик орқали барқарор жамият қуришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида